Sony'нинг "Орзу" смартфони илк марта тўлиқ кўриниш берди

Sony'нинг

Сўнгги икки йилдирки, Sony Mobile компанияси мобил қурилмалар бозорида ўзининг салмоқли мухлисларини қўлдан бой берди. Бу бевосита пешқадам рақиблар билан боғлиқ. 2018 йилда япониялик корпорация бу хатосини тўғирлаб, тез орада жаҳоннинг Xperia XZ Pro смартфон модели билан ҳайратда қолдирмоқчи. Манбаларнинг маълум қилишларича, янги смартфон бир ойдан сўнг – шу йилнинг 26 февралидан 1 мартига қадар ўтадиган MWC 2018 кўргазмасида тақдим қилинади.

Sony Xperia XZ Pro модели ҳар тарафидан тўлиқ акс этган сурат куни кеча инсайдерлар томонидан тарқатилди. Хабар берилишича, бу гаджет Sony Mobile'нинг ён ромларидан холи, Super AMOLED-экранли илк смартфони бўлади, шу билан бирга девайс қўш сенсорли бош камераси билан ҳам ўзига хос. Унинг қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo бошқарув тизимига эга бўлиши ҳам ўзига хосдир.

Sony Xperia XZ Pro смартфони 5,7 дюймли, 4K (4320 га 2160 пиксел) сиғимли ва томонлари нисбати 18:9 стандартли OLED-экран билан таъминланади. Унинг кучли жиҳатлари қаторида 8 ядроли янги ва илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессорини кўриш мумкин. "Ақлли телефон"нинг частота тезлиги 2,8 ГГц.га етади. Графика ва тасвирларни қайта ишлаш учун Adreno 630 видео-картаси танланган.

Девайснинг тезкор хотира сиғими 4/6 ГБ, доимий хотира эса 64/128 гигабайтли. Смартфонда Wi-Fi 802.11ad, Bluetooth 5.0, A-GPS ва NFC модуллари, 23 мегапикселли бош ва 16 Мп аниқлигидаги олд камера, USB Type-C универсал порти, Quick Charge 4.0 тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайдиган аккумулятор мавжуд.

Суратларга кўра, "орзу" смартфони ромсиз ва ёнлари қайрилма экранли. Бироқ, дисплейнинг қуйи ва юқори қисмларида ҳошиялар мавжуд. Бу ҳошияларнинг ҳар иккаласида динамиклар яширинган ва Xperia XZ Pro фойдаланувчилари стерео-овоздан умид қилишлари мумкин.

Орқа панелдан фирма логотипи, қўш сенсорли бош камера ўрин олган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!