Sony’нинг саккиз ядроли Snapdragon 630 ва Android 8.0 Oreo’ли смартфони «қўлга тушди»

Sony’нинг саккиз ядроли Snapdragon 630 ва Android 8.0 Oreo’ли смартфони «қўлга тушди»

GFXBench бенчмарки япониялик ишлаб чиқарувчининг кодли номи H4133 бўлган смартфонини фош этди. Кузатувчиларнинг фикрича, Sony бу қурилмани Mobile World Congress (MWC) 2018 тадбирида тақдим этмоқчи, деб ёзади GizmoChina.

Мазкур бенчмаркда ўтказилган тест намойиш этган маълумотларга кўра, телефоннинг дисплейи диагоналига 5,2 дюймни ташкил этади. Экран Full HD сифатига эга – 1920×1080 пикселли. Унинг асосий камераси 21 мегапикселли бўлиб, чақноқ билан жиҳозланган. Селфи-камерага эса 8 мегапикселли сенсор ўрнатилган.

Смартфоннинг «юраги» сифатида Qualcomm Snapdragon 630 процессори кўрсатилган. У 2,2 ГГц такт частотасида ишловчи саккизта ARM Cortex-A53 ядросини ҳамда Adreno 508 график контроллерини ўз ичига олади. Унинг X12 LTE русумли уяли модеми 600 Мбит/с.гача тезликда маълумотлар алмашиш қувватига эга.

Sony’нинг ушбу гаджети 3 гигабайт тезкор хотира ҳамда 32 гигабайт ички флеш-хотира билан жиҳозланган. Бенчмарк маълумотларига кўра, унга NFC микрочипи ҳам ўрнатилган. Смартфоннинг дастурий платформаси сифатида Android операцион тизимининг сўнгги – 8.0 Oreo талқини танланган.

Шу тариқа, мазкур хусусиятларига кўра бу ўртача тоифадаги смартфон бўлади.

ЎҚИНГ: Sony’нинг янги флагмани Galaxy S9 ва iPhone X «кушандаси» бўлиши мумкин (+видео)

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.