Стартап: LeBazar.uz – харид жараёнига инновацион ёндашув

Стартап: LeBazar.uz – харид жараёнига инновацион ёндашув

Маълумки, онлайн-дўконлар бугунга келиб бизнес-жараёнларнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бундай дўконлар орқали уйингиздан чиқмасдан харидларни амалга оширишингиз мумкин. Маҳсулотларни эса махсус компаниялар сизга етказиб беради. Terabayt.uz яқинда ўз фаолиятини бошлаган ана шундай лойиҳалардан бири – LeBazar.uz стартапи ҳақида Lean Trade Solutions компанияси раҳбари Дилшод Ўлмасбоев билан суҳбатлашди.

– Дилшод ака, яқинда сиз ва жамоангиз томонидан LeBazar.uz сервиси ишга туширилди. Айтинг-чи, лойиҳанинг мазмуни нимадан иборат?

– Бирор супермаркет ёки супермаркетлар тармоғи учун мустақил тарзда онлайн бизнесни йўлга қўйиш мураккаб жараён. Бунга сабаб онлайн ва офлайн бизнесдаги тафовутлардир. Бундан ташқари, онлайн бизнес ҳар доим ҳам муайян супермаркет учун кутилган даромадни келтирмаслиги мумкин. Чунки онлайн бизнесни йўлга қўйиш учун алоҳида ходимлар жамоасини ишга ёллаш, жараёнларни бошқариш, реклама ва иш учун алоҳида маблағ ажратиш талаб этилади. Гарчи онлайн-савдо супермаркетнинг бренд сифатидаги ўрнини мустаҳкамласа-да, бироқ унга молиявий томондан кўзланган даромадни келтиирмайди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда бир вақтда барча супермаркетлар билан ишлайдиган ва шу орқали дўконларнинг содиқ харидорларига исталган маҳсулотни етказиб берадиган сервис мавжуд эмас. Бизнинг лойиҳамиз инновацион усуллар ёрдамида супермаркетларга ортиқча харажат ва ҳаракатларсиз савдо ҳажмини оширишга имконият беради. Супермаркетлар ўз бизнесига диққатини йўналтириш мумкин, чунки бу улар учун энг муҳим вазифа ҳисобланади. Биз эса ушбу сервиснинг ривожига ҳисса қўшишга ва харид жараёнини супермаркет учун имкон қадар қулай ва ёқимли этишга ҳаракат қиламиз. Мижоз учун Lebazar харидга кетадиган вақтни тежашга ҳамда супермаркетга бориш билан алоқадор ноқулайликларни бартараф этишга ёрдам беради. Бунинг ўрнига мижоз бошқа муҳимроқ ишлар билан машғул бўлиши мумкин. Биз эса унинг ўрнига харидни амалга оширамиз!

– Агар сир бўлмаса, стартапни йўлга қўйиш учун шу кунгача қанча маблағ сарфланди?

– Умуман олганда стартап бюджетини стандартлаштириш осон эмас. Стартап – бу янги бизнеснинг бошланиш нуқтаси бўлиб, унда фаолият турини белгилайдиган ва оптималлаштирадиган инновацион ва технологик қисмлар ҳам кўзда тутилади. Бюджет миқдори эса қайси соҳани танлаганингизга боғлиқ. Лекин, шуниси аниқки, стартап учун кўп маблағдан кўра инсон ресурслари анча аҳамиятлидир. Чунки жамоа айни пайтда ишлаб, пул топиш ўрнига стартапга бутун вақти ва имкониятларини бағишлайди. Буни эса, табиийки, баҳолаш жуда қийин.

– Лойиҳада қайси инновацион технологиялардан фойдаланилган?

– Айни вақтда Ўзбекистон бозорида инновацион ва технологик ечимлар ҳисобига фаолиятини оптималлаштирган MyTaxi – такси хизмати, Arba.uz – озиқ-овқат ва маиший техника савдоси билан шуғулланадиган онлайн-дўкон, PayMe –тўлов хизмати сингари бир қатор лойиҳалар ташкил этилган. Бизнинг платформа юқоридаги барча технологияларни бир жойга жамлаган.

– Лойиҳа келажакда қайси муассасалар билан ҳамкорлик қилиши мумкин?

– Аввалги босқичда биз супермаркетлар билан ишлашга ва сифатли сервисни йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз.

– Ҳозир лойиҳада нечта одам ишлайди?

– ИТ-компанияларда ходимлар сони 10 нафардан ортмайди. Жамоанинг асосий қисмини сервис кўрсатувчи бошқа томонларнинг ишини оптималлаштиришга ҳаракат қиладиган ИТ-мутахассислар ва кол-марказ ходимларидан ташкил топади. Компаниянинг ўсиши ва буюртмаларнинг ошиши сари бу миқдор кутилганидай кескин ўзгармайди. Биз компания ичида молия ва кадр ресурсларини оширмасдан масштабланадиган ИТ-ечимларни яратамиз ва олдимиздаги вазифаларни бизнинг лойиҳадан алоҳида тарзда ишлайдиган, бироқ сервис ишида бевосита қатнашадиган учинчи томонлар орқали амалга оширамиз.

– Айтинг-чи, стартап фаолияти давомида қандай муаммоларга дуч келдингиз?

– Агар ИТ-стартап реализация ҳақида гапирсам, бунда энг асосий муаммо тўғри бизнес-жараёнларини ташкил этиш ҳисобланади. Гарчи стартап ғояси тўғри бўлса-да, реализация жараёнида ортга суриб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Бундай муаммоларни компания ҳали ўзгаришларга мойил бўлган вақтда олдинги босқичларда ҳал этиш керак. Бунинг учун жамоага ўзгаришларга тезкорлик билан жавоб қайтарадиган салоҳиятли ИТ-мутахассисларни жалб этиш лозим. Масалан, мобил иловаларни ишга туширган вақтда, тезкорлик билан бартараф этиш керак бўлган кўплаб муаммолар юзага келади. Бозорда жуда кўп аналоглар мавжудлиги боис истеъмолчи дастурдаги ноқулайликларни ёмон кўради. Мен чет эл ИТ-компаниялари томонидан яратилган мобил иловаларни назарда тутяпман.

Лойиҳани ишга тушириш вақтида жамоа бозордан олинган илк таассурот ва фикрларни таҳлил қилади, бундай пайтда аввалдан ўйланган гипотезалар реал ҳолат билан юзма-юз келади, аудитория эса жамоа аъзолари кутмаган шаклда маҳсулотга муносабат билдиради. Шунинг учун тўғри маркетинг стратегиясини тузиш, тезкорлик билан қарор қабул қилиш талаб этилади. Бундай пайтда ҳолатни теран тушуниш керак, чунки яхши таассурот қолдириш учун иккинчи имкон бўлмаслиги мумкин.

– Онлайн-савдоларнинг Ўзбекистондаги истиқболи ҳақида нима дея оласиз? Бу йўналишда қандай муҳим хусусиятларга эътибор бериш керак?

– Ривожланган мамлакатларда онлайн тижорат деярли ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятининг ажралмас қисмига айланган ва бу тенденция шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бизда ушбу йўналиш ўзининг ривожланиш суръатига эга. Ҳукуматимиз ушбу соҳани қўллаб-қувватлайди, бу эса ўз навбатида иқтисодиётнинг мазкур йўналиши тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Ҳар қандай бизнесда бўлгани каби бу йўналишда ҳам тадбиркорлик, оптимистик руҳ ва таҳлилий фикрлаш жуда катта аҳамиятга эга.

– Суҳбат учун сизга ташакур. LeBazar лойиҳасига муваффиқият тилаймиз!

– Раҳмат.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавлон Марасулов

Samsung Electronics Ўзбекистон ваколатхонасида ишлаган. Миллий бренд Артел телевизорлари учун биринчи ўзбекча меню муаллифи, Samsung телефонлари учун ўзбекча тахминий матн (Т9) функциясини жорий қилишда қатнашган. Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон, Россияда ўтказилган технология конференциялари иштирокчиси.