STEER – рулда ухлаб қолишнинг олдини олувчи билагузук! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1809
  •  25.07.2017 13:17

STEER – рулда ухлаб қолишнинг олдини олувчи билагузук! (+видео)

Ҳар йили йўлларда уч юз мингтадан ошиқ автоҳалокат юз беради, уларнинг аксариятига эса ҳайдовчиларнинг чарчаб, рулда мудраб қолишлари сабаб бўлади. Шу каби ҳодисаларнинг 25 фоизида ҳайдовчи шунчаки ухлаб қолади, бу эса фожиали оқибатларга олиб келади. Айни рулни бошқаришдаги ухлаб қолишлар сабабли йилига ўттиз мингдан ошиқ кишининг ҳаёти бевақт якун топади.

Шуларни инобатга олиб, Латвиядаги Creative Mode компанияси STEER билагузуги лойиҳасини амалга оширишга қарор қилди. Мазкур лойиҳа Kickstarter краудфандинг-майдончасига жойлаштирилган.

STEER билагузуги ҳайдовчиларга чарчаган вазиятларда мудраб қолмаслик имконини беради, бу эса уларнинг ва йўловчиларнинг ҳаётларини автоҳалокат хавфидан сақлашга ҳисса қўшади.

Қурилма ўн олтита датчик билан таъминланган, улар реал вақт режимида ҳайдовчининг юрак уришини ҳамда электр ўтказувчанлигини мониторинг қилиб боради. Ҳайдовчининг чарчоғи унинг ҳаётига хавф соладиган даражага етиб борганини аниқлаши билан ақлли билагузук унинг қўлига кучсиз электр разряди юборади. Бу разряд кишини уйғотиш ҳамда сал тетиклаштириш учун етарли бўлади. Ток ургач, киши танасида серотонин, норадреналин ҳамда кортизол даражаси ошади; уйқу гормони – мелатонин даражаси эса камаяди.

Хабарда айтилишича, мазкур билагузукнинг яратувчилари узоқ муддат махсус тадқиқот олиб бориб, рулда пайти ухлаб қолмаслик учун ҳайдовчилар қўллайдиган чораларни ўрганиб чиқишган. Бу борада энг оммалашган усуллар – қаҳва, энергетик ичимликлар, баланд овозли мусиқа ҳамда чекиш эканлиги аниқланган. Аммо булардан аксариятининг саломатлик учун фойдасидан кўра зарари кўпроқ экани маълум, тағин барибир чарчоқ ғолиб келмаслигига булар юз фоиз кафолат бермайди.

Янги чора сифатида таклиф қилинаётган STEER билагузуги эса юқорида санаб ўтилганларининг барчасидан кўра анча самарали. Мазкур қурилма ҳайдовчининг организми ҳолатини мунтазам тарзда кузатиб боради ва уни ухлаб қолиш хавфидан муҳофаза этади. Қурилма аккумуляторининг тўла қуввати икки ҳафта фойдаланишга бемалол етади.

STEER лойиҳаси Kickstarter’да аллақачон керакли маблағни тўплаб бўлган ва шу йилнинг ноябридаёқ сотувга чиқиши кутилаётир. Краудфандинг-портал фойдаланувчилари учун унинг нархи 99 АҚШ долларини ташкил этади. Кузда савдога чиқарилганида эса, ақлли билагузукнинг нархи 199 доллар қилиб белгиланади.