"Стив Жобс театри" iPhone 8 тақдимотига тайёр

Сан-Францискодаги Санта-Клара водийсида, яъни “Кремний водийси” деб ном олган ҳудуд марказида жойлашган, йирик доира шаклида қад ростлаган 4 қаватли Apple Park штаб-квартираси  ҳудудида компания асосчиси Стив Жобс номига қўйилган театр фаолият кўрсатади. Стив Жобс мазкур футуристик штаб квартира ғоясини 2011 йилда, ўлимидан 4 ой аввал олға сурган эди.

Афтидан, Apple бу йил тақдимот учун қимматбаҳо саройларни ижарага олиш анъанасидан воз кечади. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича,  iPhone 8 тақдимоти шу йилнинг 12 сентябрида  мазкур кампусда жойлашган "Стив Жобс номидаги театр"да бўлиб ўтади. Корпорациянинг янги штаб-квартираси меҳмонларни кутиб олишга деярли тайёр.

Apple сўнгги 2 йилдан буён тақдимотларини Bill Graham Civic Auditorium (Сан-Франциско) концерт саройида ўтказиб келаётган эди. Бу сарой 8 500 кишига мўлжалланган. Стив Жобс театри 1000 ўринлик экани ҳисобга олинса, Apple iPhone 8 намойишини тор доирада ўтказишни режа қилмоқда.

Тақдимотда iPhone 8 билан бирга, iPhone 7s ҳамда iPhone 7s Plus айфон моделлари, шунингдек Apple Watch Series 3 смарт-вочи, 4K технологияни қўллаб-қувватлайдиган Apple TV приставкаси намойиш қилинади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!