Суд қарор чиқарди, Telegram'нинг Россиядаги тақдири аён бўлди!

Суд қарор чиқарди, Telegram'нинг Россиядаги тақдири аён бўлди!

Москванинг Таганский суди Роскомнадзорнинг Telegram юзасидан берган даъвосини қаноатлантирди ҳамда Россия ҳудудида Telegram мессенжерининг блокланиши юзасидан қарор чиқарди. Мазкур иш судда 20 дақиқада кўриб чиқилди.

Ҳакам Юлия Смолина зудлик билан мессенжерни мамлакатда блоклашга рухсат берган бўлса ҳам, суд қарори ҳозирча қонуний кучга эга бўлмагани сабабли ҳозирча бу воқеа содир бўлмайди. Россия қонунчилигига кўра судда биринчи маротаба кўрилган иш юзасидан норозилик бўйича апелляция аризасини бериш мумкин. Бундай ҳолатда иш судда иккинчи маротаба кўрилмагунига қадар суд қарори қонуний кучга кирмайди.

Ўқинг: Бу йилги iPhone'ларнинг нархи маълум қилинди

Telegram раҳбариятида Таганский суди чиқарган қарорга нисбатан шикоят аризасини бериш учун бир ой вақт бор.

Мессенжер ахборот тарқатишни ташкил қилувчи ташкилот мақомига эга бўлгани туфайли Россия федерал хавфсизлик хизмати Telegram раҳбариятидан мессенжер фойдаланувчиларининг ёзишмаларини шифрдан чиқариш ҳамда уларни ўқиш учун зарур калитларни талаб қилган. Бироқ Telegram раҳбари Павел Дуров бу талабни рад қилган.

Шу йилнинг 20 март куни Москва Олий суди Telegram мессенжерига Федерал хавфсизлик хизматига шифрлаш калитларини бериш тўғрисида қарорни чиқарди. 12 апрелда эса Роскомнадзор ташкилоти Таганский судига мессенжерни фаолиятини зудлик билан мамлакат ҳудудида тўхтатиш кераклиги тўғрисидаги даъво билан мурожаат қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 мартида Telegram'дан фаол фойдаланувчилар сони жаҳонда 200 миллионга етган эди. Мессенжер фойдаланувчилар сонига кўра жаҳонда олтинчи ўрнида туради. Ундан фойдаланиш бўйича Малайзия, Эрон ва Ўзбекистон пешқадам ҳисобланади. Россияда бу хизматдан 6 млн нафар одам фойдаланади.

Ўқинг: Galaxy Note 9 iPhone 7'нинг муҳим жиҳатини ўзлаштиради

Telegram — матн ва файлли маълумотлар алмашиш имконини берувчи, смартфон ва мобил қурилмалар учун бепул мессенжер. Дастур хорижий бозорларга мўлжалланган бўлиб, инглиз тилида ишланган. Мазкур хизмат 2013 йилда ишга туширилган.

Айтиш жоизки, мессенжернинг Россиядаги фаолияти чекланса. бу тақиқ мессенжернинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятига таъсир кўрсатмайди. Фақат мессенжердаги яхши рус каналлари ва ботларини кузатиб бориш имкони йўқолиши мумкин, холос!