"Сунъий ақл" тизимига эга илк процессорни Huawei тақдим қилди

IFA 2017 кўргазмасида Huawei компанияси ўзининг янги -- Kirin 970 энг илғор мобил процессорини тақдим қилди. Kirin 970 чипи "сунъий интеллект" модулига эга жаҳондаги илк мобил қурилмаларга мўлжалланган ишланма. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, Kirin 970 самарадорликда тақдимоти кутилаётган iPhone 8'да ўрнатилган Apple A11 чипини ҳам доғда қолдиради.

Чипнинг бир кристалли платформаси 10 нанометрли технологик жараёнга асосланган. Бу чипда 5,5 млрд дона транзистор мавжуд ва уларнинг барчаси 1 квадрат сантиметр майдонда жойлашган. Чип 8 ядроли ва улардан 4 таси Cortex A73 бўлиб, 2,4 ГГц частота тезлигида ишлайди. Қолган 4 та Cortex A53 ядроси эса 1,8 ГГц частота тезлигига эга.

График-тасвир учун эса  12 ядроли Mali G72MP12 видео-картаси тайёрланган бўлиб, аввалги авлод график чипларидан 20% кучли ва 50% самаралироқ ишлайди.

Маълум қилинишича, Kirin 970 чипи алоқанинг 4.5G Cat тармоғини қўллаб-қувватлайди. 18 LTE тармоғида маълумот алмашиш тезлиги секундига 1,2 Гбит.га етади. Бу эса процессорга HDR10 -- юқори динамик диапазонли видеони, 4K видео кодировкалашни, LPPDR 4X ва UFS 2.1 хотира карталарини қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Чипдаги AI, яъни "сунъий идрок" модули "Neural Processing Unit" (NPU) деб номланган ва у чипни баъзи вазифалардан озод қилади. Huawei'нинг ваъда беришича, NPU технологияси ёрдамида оддий ядролар 25 баробар унумли 50 баробаргача самарали ишлайди.

Kirin 970 процессори биринчилардан бўлиб 16 октябрда тақдим қилинадиган Huawei Mate 10 ва Mate 10 Pro смартфонларида татбиқ қилинади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.