Тадқиқот: Тунда электрон қурилмалардан фойдаланманг!

Тадқиқот: Тунда электрон қурилмалардан фойдаланманг!

Сўнгги ўн йилликда юқори замонавий технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётган технологиялардан меъёридан ортиқ фойдаланиш саломатликка салбий таъсир қилиши бот-бот такрорлаб келинади. Кунбўйи ишдан зерикиб келган инсоннинг қўлига тунда интернетга уланган смартфон ёки ноутбук тушиб қолса нима бўлади? Тўғри тахмин қилдингиз: у туннинг кўп қисмини уйқусиз ўтказади.

Куни кеча Буюк Британия ва АҚШ олимларидан иборат илмий жамоа 6,5 йил давом этган кенг кўламли тадқиқот ишларини якунладилар. Улар ушбу узоқ вақт давомида биз тилга олган қурилмаларнинг уйқимизга таъсирини ўрганиб бордилар. Тадқиқотнинг асосий хулосаси шундай якунланди: туннинг аксарият қисмини уйқисиз ўтказувчи одамларнинг биологик умри сезиларли даражада қисқаради.

Маълумки инсон табиатан кундузи фаол бўлиб, тунда дам олишга мослашган. Тунда кеч уйқуга ётадиган одамлар, табиийки, организмни керакли ҳордиқ билан таъминлаш мақсадида кундузи ухлашга мажбур бўладилар. Бу эса миллионлаб йил давомида организмимиз кўникиб келган биологик соатни бузиб юборади.

Танамизнинг маълум қисмлари тунда ўз фаолиятини вақтинча ўчириб қўйиш ёки секинлаштиришга мосланган. Туннинг кўп қисмини бедор ўтказиш эса айни шу қисмлар ва функцияларнинг зўриқиб ишлашига сабаб бўлади ва, натижада, уларнинг фаолиятида тез-тез бузилишлар кузатилади, улар тез ишдан чиқади.

Тадқиқот давомида тунда ухламайдиган «бойўғлилар» ўз таналарини янги биологик соатга мослаштириб боришлари аниқланди. Бироқ ушбу мажбурий биологик соат миллионлаб йиллар давомида шаклланган кўникмалар ўрнини боса олмайди.

Мазкур кенг кўламли тадқиқотда Англиядан 38-73 ёшлар ўртасидаги ярим миллион кўнгилли одам иштирок этди. Таҳлиллар давомида иштирокчиларнинг жинси, ирқи, тана шакли, чалинган касалликлари ва бошқа маълумотлар ҳам ҳисобга олинди.

Натижалардан маълум бўлишича, «бойўғлилар»нинг эртароқ ҳаётдан кўз юмиш эҳтимоли тундан эрталабгача тиниқиб ухлайдиганларникидан камида 10 фоизга ортиқроқ экан.

Шунингдек, сўнгги 10 йилликда тунда ухламайдиганлар сони кескин ортиб кетгани ҳам маълум бўлди. Олимлар бунинг сабаби сифатида замонавий ҳаёт тарзининг тез суръатларда оммалашиб бориши билан боғламоқда.

Тадқиқот хулосасида таъкидланишича, тунни уйқусиз ўтказган шахсларда юрак қон томир касалликлари (инфаркт, инсульт, юрак етишмовчилиги) ва эндокрин тизимининг бузилиши (қандли диабет, ички сегрегация безлари фаолиятининг ишдан чиқиши)га чалиниш эҳтимоли юқори экан.

Бундан ташқари тунда ухламайдиганларда ошқозон-ичак касалликлари, ўпка хасталиклари ва руҳий бузилишлар тез-тез кузатилади.

Шу сабабли олимлар ҳаёт тарзини йўлга солиш, замонавий қурилмалардан фойдаланганда меъёрга амал қилиш ва тунда мириқиб ухлашни тавсия қилмоқдалар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.