Таҳлил: 3000 долларлик смартфонлар давригача оз қолди

Таҳлил: 3000 долларлик смартфонлар давригача оз қолди

Huawei Mate 10 нархини биласизми? Бу смартфон шу ойдан бошлаб 825 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади. Huawei Mate 10 Pro эса аввалига Европада ноябрда сотувга чиқарилади. Унинг энг арзон талқини (128 Гб) 944 ҳамда юқори версиядаги (256 гигабайтли Porsche дизайни) 1,645 доллардан сотилади. Аввалги йилги флагман бўлган Huawei Mate 9 эса юртимизда ўртача 5 миллион сўмдан сотилмоқда. Ўртадаги нарх фарқи жуда катта.

Samsung Galaxy Note 8 фаблети учун эса кореялик ишлаб чиқарувчи $930 доллар нарх белгилаган. Жаҳон бозорига бу смартфон камида 1000 АҚШ долларидан сотилади. 2016 йилнинг 19 августидан сотувга чиқарилган аввалги флагман Galaxy Note 7 эса жаҳон бозорига 750 АҚШ доллари нархида сотувга чиқарилган эди.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Galaxy Note 8 қисмларининг ялпи қиймати 350 долларга тенг. Маълумот ўрнида, Galaxy Note 7 моделини ишлаб чиқаришга 290 доллар кетган. Маркетинг ва бошқа харажатлар билан ҳисобалаганда, яна 100 доллардан харажатни қўшиш мумкин. Бироқ, Galaxy Note 8'нинг минг долларга баҳолангани -- компаниянинг нарх борасидаги хато сиёсатидан дарак беради.

64 гигабайтли хотирага эга 4.7 дюймли iPhone 8'нинг ҳар бири учун купертинолик ишлаб чиқарувчи бутловчи қисм етказиб берувчи ва уларни йиғадиган компанияларга жами 247,51 доллар миқдорида пул тўлаб беради. Маркетинг, реклама, кафолат ва бошқа харажатлар учун яна 100 доллар ҳисоблаган тақдирда ҳам, унинг нархи ўзини оқламайди. Apple бу флагманнинг ҳар бирини 700 доллардан сотилишини эълон қилган.

Сўнгги йилларда янги инновацияларнинг жорий қилиниши эвазига смартфон тайёрлаш харажатларининг ошиши кузатилмоқда. Шундай бўлса ҳам, бу қимматлашув смартфон харид қилиш суръатига таъсир қилаётгани йўқ.

Смартфон бозоридаги вазиятни тадқиқ қилган маркетологларнинг фикрича, шу йилнинг бошидан буён сайёрамизда смартфонга бўлган эҳтиёж 3% га ошган. Яъни, 367 миллион дона мобил алоқа воситаси сотилган. Жорий йилнинг 3-чорагига кўра, смартфон нархи олдинги йилдагига нисбата 7% га ошган.

Бир қараганда фарқ у қадар юқори бўлмаслиги мумкин. Бироқ, нархнинг ўсиш суръати диққатни тортади. Жаҳон смартфон бозорида $1000 долларлик гаджет борлигининг ўзи -- кутилмаган ҳолат. Гўёки ишлаб чиқарувчилар ҳаддан зиёд инсофсизлик қилаётгандек. Шу билан бирга, қиммат нарса доимо диққатни тортган. Ишлаб чиқарувчилар мисоли нарх борасида ҳам пойга ўйнаётгандек.

Бугун бренд, анъана, ҳашам, кибр, манмансираш каби одатлар, қолаверса инновацияни ҳис қилиш иштиёқи таъсирида минг долларлик смартфонларни иккиланмай харид қилиш урфга айланди. Ишлаб чиқарувчилар эса бундан илҳомланиб янада қимматбаҳо гаджетларни тақдим қилишмоқда. Экспертларнинг фикрича, бу эҳтиёж 2020 йилда смартфон бозорида 3 минг долларлик смартфонларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.