Таҳлил: Grand Theft Auto V тарихдаги энг муваффақиятли кўнгилочар лойиҳага айланди

Таҳлил: Grand Theft Auto V тарихдаги энг муваффақиятли кўнгилочар лойиҳага айланди

Таҳлиллар бўйича фаолият юритувчи MarketWatch компанияси тақдим қилган ҳисоботга кўра, Rockstar компанияси маҳсулоти бўлмиш Grand Theft Auto V (GTA V) бутун инсоният тарихидаги энг муваффақиятли кўнгилочар лойиҳага айланган. Ҳисоб-китоблар натижасида аниқланишича, Grand Theft Auto V видео ўйинини сотишдан тушган даромад, шу вақтга қадар умумий миқдорда, $6 миллиардни ташкил қилган. Ўз навбатида видео ўйинни ишлаб чиқариш учун атиги $265 миллион сарфланган, холос. Ўйиннинг сотилиши ҳали ҳам юқори суръатларда давом этмоқда.

MarketWatch «Юлдузлар жанги» ва «Шамолларда олиб кетилганлар» каби ўта машҳур бадиий филмлар $3 миллиард даромад келтириб, кўнгилочар лойиҳалар муваффақиятлилиги бўйича кейинги ўринларни эгаллаганини қайд этмоқда. Бироқ кузатувчилар дисклар савдоси ва турли хизматлар орқали намойиш қилишни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бу филмлардан келадиган даромад яна $1 миллиардга ортади, демоқда. Шунда ҳам энг машҳур филмларнинг даромади Grand Theft Auto V'никига ета олмайди.

Ҳисоботда $6 миллиард фақат ўйиннинг сотилишидан келган даромадми ёки бу рақамга фойдаланувчилар томонидан амалга оширилган қўшимча харидлар ҳам кирадими, деган саволга аниқлик киритилмаган. Бундай қўшимча харидлар салмоқли маблағни ташкил қилиши айтилмоқда. 2017 йил 31 декабрьи маълумотлари бўйича, Grand Theft Auto V видео ўйини 90 миллион нусхадан ошиқ сотилган. Сўнгги уч ой ичида бу рақам янада ортганини осонгина тахмин қилиш мумкин.

Машҳурлик ва муваффақиятлилик бўйича Grand Theft Auto V'га Call of Duty: Modern Warfare 3 (26,5 миллион нусха) ва Call of Duty: Black Ops (24,2 миллион нусха) видео ўйинлари яқинроқ турибди.

Шунингдек, ҳисоботда қайд этилишича, ушбу видео ўйинни етказиб берувчиси ҳисобланадиган Take-Two Interactive компаниясининг акциялари қиймати, ўйин эълон қилингандан буён, 998 фоизга ошиб кетган.

Ўрганилган маълумотлар Grand Theft Auto V'нинг Playstation 3 учун мўлжалланган талқини энг кўп сотилганини кўрсатмоқда - 32,8 фоиз. Кейинги ўринда Playstation 4 талқини бормоқда - 27,4 фоиз. Видео ўйиннинг шахсий комютерлар учун мўлжалланган талқини умумий савдоларнинг атиги 2,1 фоизини ташкил қилган.

Айни пайтда Grand Theft Auto V 2017 йил АҚШда машҳур бўлган видео ўйинлар рейтингининг олтинчи ўрнидан жой олган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.