Йилнинг таъмирлаш мушкул смартфонлари: ТОП-5

Йилнинг таъмирлаш мушкул смартфонлари: ТОП-5

Смартфонларнинг янги жиҳат ва имкониятларга эга бўлиб бориши, ўз навбатида таъмирчи усталарнинг ишини ҳам қийинлаштиради. Жаҳон миқёсида смартфонларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш устахоналари ўртасида ўтказилган сўровлар асосида 2017 йилнинг  таъмирлаш қийин бўлган смартфонлари "ТОП-5"талиги шакллантирилган. Қуйида улар билан сизни таништирамиз. Смартфон харидида уларнинг шу жиҳатларига ҳам диққат қилиш -- фойдадан холи эмас.

5. iPhone 7/7 Plus

Таъмирга яроқлилик рейтинги: 7/10

Apple флагманида одатда у ёки бу детални ва бутловчи қисмни алмаштириш билан боғлиқ муаммо кўп ҳам кўзга ташланмайди. Аккумулятор осон ечилади, дисплей ва Home тугмачасини ажратиш ҳам устани қийнамайди.

Уни таъмирлаш билан боғлиқ асосий муаммо -- деталларнинг йиғилишида. Унинг ички қисмларини очиш ва йиғиш учун камида 4 та турли ўлчамдаги отвёртка керак бўлади.


4. Huawei Mate 8

Таъмирга яроқлилик рейтинги: 6/10

Аксарият таркибий қисмлар модулли, яъни, ўзаро бўлинадиган бўлгани туфайли уларни алмаштириш у қадар мушкул эмас. Бурама михлар ҳам стандарт шаклда. Бу эса корпусни очиб-ёпишда қўл келади.

Уни таъмирлашда бош муаммо -- дисплей билан боғлиқ. Боиси, асосий деталлар дисплейнинг орқа томонига бириктирилган. Бу эса дисплейни сиқиб қўйган. Таъмирлаш чоғида кичик эҳтиётсизлик ҳам телефон экранини ишдан чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

3. LG G6

Таъмирга яроқлилик рейтинги: 5/10

Флагманнинг бош ўзига хослиги — аксарият таркибий деталлар модулли, яъни бўлинадиган. Бу эса уларни осон ва бошқа деталларга халақит қилмай алмаштириш имконини беради.

Муаммо шундаки, баъзи бир бутловчи қисмар дисплейнинг орқа томонига бириктирилган. Олд ва орқа шиша мўртлиги ва осон синишини ҳисобга олсак, бу гаджетни таъмирлаш устадан катта маҳоратни талаб қилади. Ҳаттоки, кўп ҳолларда таъмирловчи усталар корпусни очмоқчи бўлганларида ҳам устки ҳимоя шишасини синдириб қўядилар.

Девайс ичкарисида елим ва сирачларнинг кўплиги эса таъмирлаш жараёнларига фақатгина салбий таъсир ўтказади.


2. Samsung Galaxy S8/S8+

Таъмирга яроқлилик рейтинги: 4/10

Кореялик флагманлардаги аксарият бутловчи қисмларни алмаштириш мумкин. Бироқ, бу -- осон иш эмас. Мисол учун, аккумуляторни алмаштириш мумкин, лекин уста учун бу қийин кечади. Боиси, аккумулятор ва "она плата" бир-бирига бириккан бўлиб, кичик хатолик ҳам қимматбаҳо платага шикаст етказади.

Шу билан бирга, корпусни очиш — айтишга осон. Смартфоннинг олд ва орқа панеллари шишадан тайёрланган. Биргина қўпол ҳаракат ҳам уларга дарз кетказиши мумкин.

Ва энг сўнгги қийин жиҳат -- олд панел букик шаклда бўлгани боис, таъмирлаш чоғида дисплейни синдириб қўйиш эҳтимолини оширади.


1. HTC One M9

Таъмирга яроқлилик рейтинги: 2/10

Бу урилмани таъмирлаш билан биргина ижобий ҳолат мавжуд — Phillips брендига хос стандарт бурама михлар. Уларнинг ёрдамида панел мустаҳкам бирикади, шунингдек осон ажралади.

Қурилма дисплейини алмаштиришнинг деярли иложи йўқ. Уни ечиб олиш ва ўрнатиш жуда қийин. Аккумулятор эса "она плата"нинг остига кўмиб ташланган. Бу эса уни алмаштиришни 2 баробар қийинлаштиради.

Смартфон корпусини очиб назар солсангиз, аксарият бутловчи қисмларнинг бошқа ишлатиб ва очиб бўлмайдиган даражада елимлаб ташланганига гувоҳ бўласиз.

Бонус

Смартфонларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш марказларида фаолият кўрсатувчи усталарнинг сўзларига кўра, ҳозиргача улар дуч келган ва таъмирлаш мураккаб бўлган смартфон, бу -- iPhone 2G (2/10) ҳамда HTC One (1/10) бўлган экан. Экспертларнинг фикрича, бу айфон корпусини бирор бир шикастсиз қайта ёпишнинг иложи йўқ. HTC смартфонидаги аккумулятор эса ҳаддан зиёд елимлаб ташланган ва "она плата"га қалайлаб қўйилган. Аккумулятор ҳаттоки ромларга ҳам елимланган экан.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг.


Сўнгги хабарлар