Танишинг: Алиса – Россиянинг илк интеллектуал овозли ёрдамчиси

  •   DiMaX
  •  4880
  •  10.10.2017 15:32

Танишинг: Алиса – Россиянинг илк интеллектуал овозли ёрдамчиси

Яндекс компанияси ўзининг интеллектуал овозли ёрдамчиси «Алиса»ни тақдим этди. Бу – Siri, Alexa ва Cortana каби дастурий таъминотларнинг Россияда ишлаб чиқарилган биринчи аналогидир.

Ишлаб чиқувчининг таъкидлашича, Алиса – олдиндан белгилаб қўйилган жавоблар тўплами билан чекланмайдиган дунёдаги биринчи овозли ёрдамчидир.

Алиса кишиларга кундалик масалаларни ечишларига ёрдам беришга хизмат қилади. У интернетдан керакли маълумотни топиб беради, кечки овқат учун қаерга бориш маъқуллигини айтади, эртанги об-ҳаво маълумотини етказади ва ҳоказо.

Ишлаб чиқувчиларнинг сўзларига қараганда, сўровлар учун Алисага махсус «протокол» тили керак эмас, балки у билан худди одам билан суҳбатлашгандек гаплашса бўлади. Масалан, «Космонавтлар кўчаси қаҳвахона» демасдан, «Бу атрофда қаерда қаҳва ичса бўлади?» дейсиз. Алиса дарров «Яндекс.Справочник»ка қарайди ва ша дамда ўша атрофдаги қаҳва ичиш учун энг маъқул жойни айтади. «Яхши, у ерга қандай бораман?» десангиз, ўша заҳотиёқ Яндекс-харитада тайёрланган йўналиш ҳаволасини беради.

Алиса билан шунчаки гаплашиб ўтириш ҳам мумкин, унинг асосида нейрон тармоғи ётади. У тўлиқ бўлмаган жумлалар ҳамда саволларни ҳам англайди ва кўриб чиқади, суҳбатдаги мавзуни инобатга олади, ҳатто вазиятга қараб ижод ҳам қилади. Одамнинг нутқини англаш, маъноларини тушуниш ва овозни яратиш учун SpeechKit нутқ технологиялари қўлланади.

Алиса таниқли актриса Татьяна Шитова овози билан гапиради, бу – Россия киноижарасида Скарлетт Йоханссонга овоз бериб келаётган санъаткордир. Жумладан, Спайк Жонз яратган «У» (инглизчадаги номи – «Her») фильмида бу актриса Саманта номли операцион тизимга овоз берган.

Алиса овозли ёрдамчиси Яндекснинг бир нечта сервислари, жумладан – Қидирув, Хариталар, Мусиқа ва Об-ҳаво хизматлари билан интеграциялашган. Мазкур дастурий таъминотни янада такомиллаштириб, имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Жумладан, келгусида у фильм тавсия этиши, такси чақириб бериши мумкин бўлади. Шунингдек, чет ишлаб чиқувчиларнинг сервислари билан ҳам ўзаро боғланишларни йўлга қўйиш режада бор, ҳозирча эса бу фақат иловаларни ишга тушириш билангина чекланган.

Дарвоқе, виртуал ёрдамчи билан Россия президенти Владимир Путин ҳам гаплашиб кўрган. Президент ёрдамчининг ишидан қониқиш ҳосил қилганини айтган, фақат Алиса озроқ тортинчоқлик қилганини таъкидлаган.

Айни дамда Алиса овозли ёрдамчиси iOS ва Android учун ишлаб чиқилган Яндекс иловаларида жорий этилган, Windows учун эса унинг бета-талқини ишламоқда. Тез орада у Яндекс.Браузерда, кейин эса компаниянинг бошқа маҳсулотларида ҳам пайдо бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!