ТАНҚИД: Xiaomi Redmi 4X’даги нуқсон ва муаммолар

  •   DiMaX
  •  15283
  •  17.11.2017 15:28

ТАНҚИД: Xiaomi Redmi 4X’даги нуқсон ва муаммолар

Ҳозирда смартфон бозорини тобора кўп эгаллаб келаётган ишлаб чиқарувчилардан бири Хитойнинг Xiaomi компаниясидир. Унинг маҳсулотлари ҳақида асосан яхши тақризлар учратамиз, камчиликлари хусусидаги хабарларга эса камроқ дуч келамиз.

Хўш, аслида ҳам «хитойча Apple»нинг смартфонлари шунчалик бенуқсонми? Уларда бирор камчилик, ишлатишда муаммо учрамайдими? Афсуски, ҳар бир ишлаб чиқарувчи маҳсулотларида бўлгани каби, Xiaomi смартфонларида ҳам камчиликлар мавжуд. SMART GIZMO нашри мазкур смартфонсознинг энг кенг тарқалган моделларидан бири – Redmi 4X смартфонида учраши мумкин бўлган муаммоларни эълон қилган.

Дарвоқе, айни шу моделнинг қисқача видеотавсифини биз ўз Facebook саҳифамизда эълон қилганмиз, уни мана бу ҳавола орқали ўтиб томоша қилишингиз мумкин.

Хуллас, қуйидаги маълумотларда айни Redmi 4X смартфонини ишлатаётган фойдаланувчиларнинг у ҳақидаги фикрлари турли тақризларидан, форумлардаги ёзишмаларидан териб, тизимлаштирилган. Айримларининг ечимлари ҳам бирйўла ёзиб кетилган, шулардан келиб чиқиб, агар тегишли камчиликлар учраса, ўзингиз бартараф эта оласиз.

Мана, нуқсонларга ўзингиз назар солинг-да, улар тегишли гуруҳларга ажратиб берилган:

1. ДАСТУРИЙ ТАЪМИНОТ БЎЙИЧА:

Соат минтақаси ўзгариб кетади. Айтайлик, будильник керакли пайтда жирингламай қолса, бу хатоликнинг зарарини тасаввур қилаверинг. Бунинг олдини олиш учун «Часовой пояс сети» опциясини ўчириб қўйиш керак. Лекин прошивканинг кейинги версияларида бу нуқсон тўғирланган, фақат смартфонингиз операцион тизимини янгилашингиз керак.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари учун MIUI 9 расман фойдаланишга топширилди

Андроид учун анъанавий бўлган ҳолат – иловалар билдиришномалари билан боғлиқ чалкашлик. Турли дастурлар ҳар хил ҳаракат қилади. Буни бартараф этиш учун мана бу манзилдаги кўрсатмалардан фойдаланиб кўринг.

– Хитой бозорига мўлжалланган талқинларнинг прошивкаси бизда ҳамиша ҳам тўғри ишламаслиги мумкин. Шунинг учун унинг халқаро бозорга мўлжалланган – глобал версиясини харид қилганингиз маъқул.

– Овозни созлаш фақат будильник, қўнғироқлар ва мультимедиа учун амал қилади. SMS-хабарларнинг ва қўнғироқларнинг товуш баландлиги бир-бирига боғланган. Фойдаланувчиларнинг шикоятларига кўра, SMS-хабар келганда чиқадиган овоз қўнғироқ товушидан ҳам юқорироқ ва уни пастлатиш имкони йўқ.

Суҳбатлашишдаги динамик товушини минимал даражада қўйсангиз ҳам, барибир овози баланд. Айримлар яна, будильник товушини энг паст қилиб созлаганда ҳам ўта юқори эканлигидан нолишади, аммо бу индивидуал ҳолатлар бўлса керак.

– «Овозсиз, фақат вибрация» режими йўқ. «Овозсиз» режимида фақат кирувчи қўнғироқ бўлганидагина вибрация ишлайди, кирувчи SMS-хабарлар, билдиришномаларда эса йўқ. Товушсиз режимга эга бўлиш учун, умуман товушсиз бирор овозли ёзув тайёрлаб (сукунатни ёзиб олиб), қўнғироққа шуни белгилаш мумкин – шунда вибрация бўлади, овози чиқмайди.

Чет иловаларнинг MIUI стандарт мавзуларидаги белгича (иконка)лари кўриниши ҳаммага ҳам ёқавермайди. Сизда ҳам шундай бўлса, расмий дўконидан Tempest мавзусини олиб ўрнатинг – унда белгичалар шаффоф фонда бўлади.

2. ТАРМОҚ ВА АЛОҚА БЎЙИЧА:

– Redmi 4X’нинг Хитой бозори учун чиқарилган версиясида band20 (800 МГц) частотаси бўлмайди. Яхшиси, ҳар қандай смартфон харид қилишдан аввал, ўзингиз хизматларидан фойдаланаётган уяли алоқа оператори қайси частоталардан фойдаланишини унинг ўзидан аниқлаштириб олинг. Агар сиз олишни режалаштираётган телефон ўша частотани қўллаб-қувватламаса, бошқа девайс танлаганингиз маъқул. Хитойча версиядаги Redmi 4X’ни эса қайта прошивкалаб ҳам band20 частотасида ишлатиб бўлмайди. Агарда операторингиз айни шу частотани қўллайдиган бўлса, унда, яхшиси, смартфоннинг глобал талқинини харид қилганингиз маъқул. Глобал талқиндаги Redmi 4X’нинг қутисида IMEI1 ва IMEI2 ёзилган бўлади, Хитой бозори учун чиқарилганида эса, улардан ташқари яна IMEID ҳам бўлади.

– Wi-Fi интерфейси 5Ghz частотасини қўллаб-қувватламайди.

– Баъзан, агар созламаларда «4G устунлиги» белгилаб қўйилган бўлса, телефон ўчиб-ёниши мумкин. Бундай ҳолат учраса, VoLTE’ни узиб қўйишни тавсия этишади, айримлар умуман LTE частотасини ҳам узиб қўяди. Ўзбекистон шароитида 4G ҳали кенг тарқалмаганини, ундан барибир тўлақонли фойдалана олмаслигимизни инобатга олсак, бу муаммо унча муҳим эмас.

– Айрим ҳолларда, суҳбатдошингизга овозингиз «ертўладан келаётгандек» ёки «бочкадан чиқаётгандек» бориши мумкин. Шунақа бўлса, телефон созламаларини дастлабки ҳолатга қайтариб кўринг, кўпинча ёрдам беради.

ЎҚИНГ: Android созламаларини дастлабки ҳолатига қайтариш

– Камдан-кам ҳолларда, телефон кирувчи қўнғироқларни шунчаки қабул қилмай қолиши мумкин. Шунақа бўлиб қолса, уни битта ўчириб-ёқиш кифоя.

– Агар телефонни ётиқ – горизонтал ҳолатда ушланса (масалан, ўйин ўйнаётганда), Wi-Fi сигналининг даражаси пасаяди. Агарда роутердан узоқроқ бўлсангиз, сигнал умуман йўқолиши ҳам мумкин. Бунинг сабаби – кафтингиз корпуснинг юқорисидаги антеннани ёпиб қўяди, шундай бўлмаслигини таъминланг.

3. КОРПУСИ БЎЙИЧА:

Айрим фойдаланувчилар корпуснинг сирпанчиқ эканидан нолишади. Смартфонга ғилоф олиб кийдириш билан бу муаммони ҳал этасиз.

Ғилоф ичида корпуснинг бўёқлари кўчиши ҳоллари учрайди. Айниқса, қора корпусли телефонларда мазкур муаммо яққол намоён бўлади. Бунинг сабаби – корпус ва ғилоф орасига кириб қолган заррачалардир. Умуман, қандай моделдаги смартфон ишлатишингиздан қатъи назар, ора-орада ғилофни олиб, унинг ичини ва корпусни тозалаб турганингиз маъқул.

Экраннинг пастки панелидаги сенсор тугмачалар ёниб турмайди. Уларни сал ёрқинроқ қилишса ҳам бўларди, айниқса, қора ранглиларида. Аммо смартфонни ишлата бошлагач, тугмачаларнинг жойлашувига қўлингиз ўрганиб кетади.

Корпуснинг юқори ва пастки қисмларидаги пластик ўрнатмаларнинг ранги орқа қопқоқ рангидан сал фарқ қилади. Бу айтарли муаммо эмас, аммо перфекционист кишиларга ёқмаслиги мумкин.

4. ЭКРАНИ БЎЙИЧА:

Экраннинг тирналиши бўйича фойдаланувчиларнинг фикрлари бир-бирига ўта зид. Кимдир, экран тез ва кўп миқдорда тирналади, деса, яна биров, экранга умуман митти чизиқ ҳам тушмайди, деяпти. Эҳтимол, бу телефонга турли ишлаб чиқарувчиларнинг экранлари ўрнатилиши билан боғлиқдир. Умуман олганда, ҳимоя шишаси ёки плёнкаси қўйганингиз маъқул – кўнгил тинч бўлади.

ЎҚИНГ: Экранни қирилган излардан тозалаймиз

Смартфонда 2,5D-шиша ўрнатилганини ҳисобга олиб, унга ҳимоя шишаси ёки плёнкаси харид қилишда эътибор талаб этилади. Уларнинг ҳаммаси ҳам смартфонингизга қойилмақом тарзда мос келавермаслиги мумкин. Яхшиси, мана бу манзилдаги фикрларни ўрганиб чиқинг.

Ёруғликни сезиш датчиги бир-икки сония кечикиброқ ишлаб кетади. Агар қуёшли кунда кўчада қўнғироқ бўлиб қолса, экранга қараб унинг рақамини ёки контактлар рўйхатингиздаги исмини бирданига кўра олмайсиз.

– Тачскриннинг ишлаши бўйича ҳам шикоятлар учрайди. Масалан, битта тегинишни баъзида иккита тегиниш сифатида ёки экрандаги силашни экранни босиш деб қабул қилади. Бундай ҳоллар учраса, унда калибрлаш ёрдам беради.

ЎҚИНГ: Android’да сенсор (тачскрин)ни калибрлаш

– Ишлаб чиқарувчи бу телефонга boe ёки ebbg туридаги экран ўрнатган бўлиши мумкин. Қадоқни очиб, смартфонни ёқиб кўрмагунча буни аниқлаб ҳам бўлмайди. Boe – нисбатан ёрқин, оқиш тусли бўлади, ebbg эса – бироз сарғиш туюлади. Агар сарғишлиги ёқмаса, буни экран созламалари орқали бартараф этиш имкони мавжуд.

5. АППАРАТ ҚИСМИ БЎЙИЧА:

Билдиришномалар индикатори анча хира ва фақат оқ рангда ёнади.

– Бир вақтнинг ўзида иккита SIM-карта билан хотира картасини қўйиб бўлмайди.

– Экранга (ёки унинг сотидаги сенсор тугмачаларга) иккита тегиниш билан смартфонни блокдан чиқариб бўлмайди. Албатта механик тугмачаларни босишга тўғри келади.

– Ўз жамланмасида келадиган қувватлаш ускунасининг сими калтароқ.

– Яқинлашув датчиги баъзан тўғри ишламайди. Масалан, суҳбатлашув пайти ўчиқ турган экранга ёноғингиз тегиб кетса, «Қайдлар» очилиб кетиши мумкин. Буни бартараф этиш учун ушбу сенсорни Proximity Sensor Reset иловаси ёрдамида калибрлаш фойда беради.

– Сенсор тугмачалари ёниб турмайди.

– Виброқўнғироқ кучсиз.

– Диктофон ёрдамида овоз ёзишда шовқин тушади.

ЎҚИНГ: Redmi 4X’нинг «жилосиз қора» талқини Хитойда талаш бўлмоқда

6. КАМЕРА БЎЙИЧА:

Видео ёзишда шовқинлар пайдо бўлади. Бундан қутулиш учун созламаларда овозни моно тарзида ёзадиган қилиб қўйиш лозим. Шунингдек, мазкур муаммони қўшимча камера иловаси (масалан, Open Camera) ёрдамида бартараф этиш мумкин.

– HDR режимида фотосуратни сақлашга узоқ уринади-да, оқибатда сақланмаслиги ҳам мумкин. Агар шу режимда суратга олаётган бўлсангиз, уларнинг сақланаётганлигини шу заҳотиёқ текшириб боринг.

7. БАТАРЕЯ БЎЙИЧА:

– Аккумулятори сиғими катта эмас.

Тезкор қувватлаш технологияси йўқ. Батарея тўлиқ бўшаганидан то 100% гача тўлиши учун 3 соат вақт кетади.

ХУЛОСА

Xiaomi Redmi 4X моделида оммавий тарзда учрайдиган муаммолар, брак ҳолатлари йўқ. Юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларнинг аксарияти кейинги MIUI 9 прошивкасида бартараф этилган ҳам.

Агарда ушбу смартфондан харид қилмоқчи бўлсангиз, биринчи навбатда экран тачскринининг ишлашига жиддий эътибор беринг. Агарда ҳамёнбоплигини инобатга олсак, Xiaomi Redmi 4X – муваффақиятли чиққан модел, дея оламиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi’ларнинг кредит бўйича сўмдаги нархлари (2017 йил 31 октябрь)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!