Тақдим этилмаган Meizu mblu E3 смартфонини Galaxy S9+ билан таққослашди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1320
  •  16.03.2018 12:21

Тақдим этилмаган Meizu mblu E3 смартфонини Galaxy S9+ билан таққослашди (+видео)

Хитойдаги Meizu компанияси яқин кунларда ўзининг mblu E3 русумли смартфонини тақдим этишни режалаштирган. Компания 17 январда ўзининг бу йилдаги илк смартфонини намойиш этган эди, энди эса навбат иккинчи моделга...

ЎҚИНГ: Meizu 150 долларлик M6S'ни тақдим қилди

Шу пайтгача тарқалган хабарларга кўра, Meizu mblu E3 модели диагоналига 5,99 дюймлик Full HD+ дисплейга эга бўлади. Унинг Snapdragon 636 чипсети базасида ишлаши ҳақидаги маълумот эса расман тасдиқланмаган. Ушбу смартфон тезкор хотираси 4 ва 6 гигабайтлик, доимий хотираси эса 32/64/128 гигабайтлик талқинларда тақдим этилади.

Meizu mblu E3 асосий камераси қўшалоқ – у 20 ва 12 мегапикселли модулларни ўз ичига олган. Селфилар учун эса унга 8 мегапикселли олд камера қўйилган.

Аксарият ишлаб чиқарувчиларнинг бир-бирига ўхшаш телефондан фарқли равишда, Meizu бу гаджетининг бармоқ изи сканерини корпуснинг ён томонига жойлаган. Тезкор зарядлаш технологиясини қўллаб-қувватлайдиган мазкур смартфон Android Nougat операцион тизим талқини асосидаги Flyme OS 6 график қобиғида остида ишлайди.

ЎҚИНГ: Етакчи смартфонсозлар уддалай олмаган технологияни Meizu қойиллатди!

Компания раҳбарларидан бири – Ли Нан (Li Nan) куни кеча журналистлар даврасида бўлиб, кутилмаганда Meizu mblu E3 смартфонини норасмий вазиятда намойиш этган. У гаджетни кўрсатибгина қолмасдан, балки кореялик техногигантнинг Galaxy S9+ флагмани билан солиштирган ҳам.

Келинг, шу лавҳани бирга томоша қиламиз:

Ушбу норасмий намойиш mblu E3 модели ҳақидаги тарқалган миш-мишлардаги, суратлардаги маълумотни тасдиқлайди. Яъни, бу смартфон металл корпусли бўлиб, объективлари iPhone X услубида тикка жойлашган бош камерага эга. Шунингдек, Ли Нан таъкидига кўра, мазкур смартфон суратга олишда купертиноликларнинг суперфлагманидан қолишмайди, ҳатто ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин.

ЎҚИНГ: Meizu'нинг юбилей смартфони iPhone X'дан зўр!

Булардан ташқари, Meizu mblu E3 нархи ҳам маълум бўлган. Фақат Хитойда тақдим этиладиган бу моделнинг энг минимал (4/32 ГБ хотирали) талқини 1499 юань нархида савдога чиқарилади, бу эса 237 АҚШ долларига тўғри келади. Унинг максимал – 6/128 гигабайтлик хотирага эга вариантига эса 1999 юань (316 доллар) миқдорида нарх белгиланади. Оралиқдаги – 64 гигабайт доимий хотирага эга талқинининг нархи хусусида ҳозирча маълумот йўқ.

Юқоридаги маълумотларнинг қанчалик тўғрилиги тез орада аниқ бўлади – Meizu ушбу смартфонини 21 март куни расман тақдим этиши кутилмоқда. Шундан кейин, балки, Meizu mblu E3 қурилмасига онлайн савдо платформалари орқали буюртма бериш имкони ҳам туғилар.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.