Тақдим этилмаган Pixel XL 2’нинг янги суратлари чиқди

Тақдим этилмаган Pixel XL 2’нинг янги суратлари чиқди

Эртага – 4 октябрь куни Google компанияси ўзининг Pixel 2 ва Pixel XL 2 смартфонларини расман намойиш қилиши режалаштирилган. Аммо таниқли инсайдер Эван Бласс тақдимотдан бир кун олдин Pixel XL 2 фаблетининг янги, сифатли суратларини эълон қилди.

Янги рендерларга кўра, мазкур флагман ҳозирда урфда бўлгани каби ромсиз дисплейга эга, аммо бу тавсиф нисбий характерга эга – унинг юқори ва пастки қисмидаги ромларни юпқа дейиш қийин. Экран томонларининг ўзаро нисбати эса 18:9 ни ташкил этади.

Бундан ташқари, Pixel XL 2 смартфонининг олд қисмида иккита динамик мавжуд. Шунингдек, суратларга ишонсак, Google лаунчерининг дизайни ҳам бирмунча ўзгарганини кўрамиз.

Маълумотларга кўра, Google Pixel 2 моделининг дисплейи оддий, аммо дизайни Pixel XL 2 фаблетиникига ўхшаш бўлади.

Манбанинг хабар беришича, ҳар иккала смартфон ҳам ички флеш-хотирасининг ҳажмига кўра икки хил – 64 ва 128 гигабайтлик талқинларда ишлаб чиқарилади.

Pixel 2 моделининг 64 ва 128 гигабайтлик талқинлари тегишлича 650 ва 750 АҚШ долларига нархланган бўлиб, 19 октябрда савдога чиқарилиши айтилган.  Pixel XL 2 фаблетининг нархлари эса тегишлича 850 ҳамда 950 долларни ташкил этади. У кичкина «укаси»дан сал кейинроқ – 15 ноябрда сотувга қўйилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.