Тақдим этилмаган «қўшкўз» Xiaomi Redmi Note 5 суратлари тарқалди

  •   DiMaX
  •  1968
  •  29.09.2017 17:35

Тақдим этилмаган «қўшкўз» Xiaomi Redmi Note 5 суратлари тарқалди

Интернетда Xiaomi компаниясининг ҳали расман намойиш этилмаган Redmi Note 5 смартфони рендерлари пайдо бўлди. Уларни ҳамда мазкур қурилма ҳақидаги айрим маълумотларни 91mobiles ресурси эълон қилган.

Манбанинг сўзларига кўра, рендерлар интернетда тарқалган маълумотлар асосида профессионаллар томонидан тайёрланган. Кутилганидек, Xiaomi Redmi Note 5 металл корпусли бўлиб, орқа панелида бармоқ изи сканери жойлашган.

Гаджетга диагонали 5,5 дюймга тенг бўлган, Full HD сифатли (1920 х 1080 пикселли) дисплей ўрнатилган. Экран ромлари аввалги «аждод»ларининг ромларига қараганда сал юпқароқ. Унда инфрақизил порт ҳамда тепа қисмида 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши сақланиб қолган. Корпуснинг ост қисмида эса USB Type-C порти ҳам ўрнатилган. Асосий камера бири 16, бири 5 мегапикселли иккита объективни ўз ичига олади. Селфи учун бўлса 12 мегапикселли камера ажратилган.

Xiaomi Redmi Note 5 моделига Qualcomm Snapdragon 660 ёки MediaTek Helio P25 процессори ўрнатилади. Унинг тезкор хотираси 3 ёки 4, доимий хотираси эса 32 ёхуд 64 гигабайтлик ҳажмга эга бўлади. Қурилманинг аккумулятори 4000 мА/соат сиғимга эга.

Девайс симсиз алоқанинг VoLTE, Wi-Fi, NFC ҳамда GPS интерфейсларини қўллаб-қувватлайди. У Xiaomi ишланмаси бўлмиш MIUI 9 қобиғи остидаги Android 7.1 Nougat операцион тизим талқинида ишлайди.