Apple дўконлари олдида iPhone 8 учун навбат пайдо бўлмоқда (сурат)

Apple дўконлари олдида iPhone 8 учун навбат пайдо бўлмоқда (сурат)

Apple корпорацияси янги илғор айфонни бугун тақдим қилади. Бироқ, бренднинг жаҳондаги расмий Apple Store дўконлари олдида янги айфон харид қилиш истагидаги одамлар аллақачон навбат қуришни бошлаб юбордилар. 

Австралиялик журналист Люк Хоупвел ўзининг Twitter саҳифасида ҳозирча "iPhone 8" ёки "iPhone X" деб номланаётган янги айфонни олиш истагидаги Apple'нинг Сиднейдаги дўкони олдида "чайла" қуриб олган харидорнинг суратини эълон қилди.

Албатта, кўпчиликнинг фикрича, бу шунчаки мухлис бўлмаслиги, балки илк айфон учун кунлаб навбатда туриб сўнг уни фалон долларга сотадиган чайқовчи бўлиши ҳам мумкин. Боиси, янги айфон 22 сентябрдан сотувга чиқарилади.

Кутилаётган 8-авлод айфони 5.8 (12.7 см) дюймли Full HD (1080 x 1920) экранли бўлади. Apple янги смарфтонлар учун OLED-матрицалардан фойдаланади. Бундай экранлар кам қувват ейиши билан ажралиб туради. Янги авлод iPhone флагманлари тезкор ва симсиз қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. iPhone 8 учун Apple A11 -- 8 ядроли кучли платформа яратилган. Унинг ишлаш салоҳияти 2.5 Ггц.ни ташкил қилади.


Apple'нинг янги авлод гаджетининг орқа панелидан вертикал ҳолатда жойлашган қўш сенсорли бош камера жой олиши тахмин қилинмоқда. Бу камера манзарани 10 карра рақамли яқинлаштириш, 2 карра оптик яқинлаштириш, қиёфани таниш каби функцияларга эга бўлади.

Таҳлилчи Минг-Чи Куонинг сўзларига кўра, Apple'нинг iPhone 8 флагмани камида 1000 доллардан сотилади. Боиси, унда OLED-дисплейлардан ташқари, қиёфани танийдиган 3D-сканер каби қимматбаҳо таркибий қисмлардан ҳам фойдаланилади. 

Мавзу:

#iPhone 8

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.