Тақдимотдан 2 кун олдин Huawei Honor 7X хусусиятлари ошкор бўлди

Тақдимотдан 2 кун олдин Huawei Honor 7X хусусиятлари ошкор бўлди

Шу йилнинг 11 октябрида Huawei компанияси ўз қуйи брендининг янги – Honor 7X смартфонини тақдим этиши режалаштирилган. Шу каби кўпчилик ҳолатларда бўлганидек, намойиш этилишидан икки кун аввал қурилманинг хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар тарқаб кетди.

Нимасидир таниш...

Honor 7X ҳақидаги маълумотлар Хитойнинг мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш агентлиги – TENAA сайтида эълон қилинган.

TENAA ошкор этган фотосуратларга қараганда, янги қурилманинг корпуси атрофида нозик роми бор. Унинг орқа панелида ёнма-ён жойлашган иккита объективга эга камера кўринади. Бу қиёфаси билан девайс аллақачон тақдим этилган Honor 8 Pro (Honor V9) смартфонига ҳам ўхшаб кетади. Корпуснинг орқа қопқоғидан, шунингдек, думалоқ шаклдаги дактилоскопик сканер ҳам ўрин олган.

Хусусиятлари қанақа?

Янги моделнинг корпуси ўлчамлари 156,5×75,3×7,6 миллиметрни, вазни эса 165 граммни ташкил этади. Honor 7X диагонали 5,9 дюймга тенг (2160×1080 пикселли) дисплейга эга, унинг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда.

Huawei бу девайсига ўзининг саккиз ядроли Kirin 658 ёки 659 процессорини ўрнатган, у 2,4 ГГц такт частотасида ишлайди. Смартфоннинг ишлаш самарадорлигини таъминлашга яна 4 гигабайтлик тезкор хотира ҳам масъул. Доимий хотира ҳажми эса 64 гигабайтга тенг.

Honor 7X’нинг қўшалоқ камераси 13 ва 2 мегапикселли объективларни ўз ичига олган. Олд камераси эса 8 мегапикселли биттагина модулга эга.

Смартфоннинг аккумулятори 3240 мА/соат сиғимга эга. У Android 7.0 операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.