Тақдимотидан аввал OnePlus 5T’ни сотувга қўйган сотувчи унинг сирларини ҳам «сотиб қўйди»

Тақдимотидан аввал OnePlus 5T’ни сотувга қўйган сотувчи унинг сирларини ҳам «сотиб қўйди»

OnePlus компанияси шу йилнинг 20 июнь куни навбатдаги флагмани 5,5 дюймли OnePlus 5 моделини расман жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган эди. Унинг шундан кейинги чиқариладиган модели – OnePlus 5T ҳақида, унинг хусусиятлари тўғрисида инсайдерлар кўп маълумотлар чиқаришган бўлса-да, ҳали у расман тақдим этилганича йўқ. Шунга қарамай, OppoMart ритейлери сайтида бу смартфон аллақачон савдога қўйилган.

Таъкидлаш керакки, OppoMart – хитойдаги OnePlus компаниясининг расмий онлайн-дўкони эмас, балки мустақил ритейлер ҳисобланади. Унинг сайтида OnePlus 5T моделига 549 АҚШ доллари нархида олдиндан буюртма бериш таклиф этилмоқда.

Шу тариқа, бу сотувчи OnePlus 5T қурилмасининг хусусиятларини ҳам «сотиб қўйди». Агар OppoMart сайтидаги маълумотларга ишонадиган бўлсак, OnePlus 5T диагонали 6 дюймли, Full HD+ сифатли (2160х1080 пикселли) Optic AMOLED-дисплейга эга. Охирги трендга мос тарзда, унинг экрани томонлари ўзаро 18:9 нисбатда. Смартфонга Sony IMX398 ва IMX350 сенсорлари базасидаги 20+16 МП сиғимли қўш объективли асосий камера ўрнатилган. Унинг селфи-камераси ҳам бақувват – Sony IMX371 базасидаги 16 мегапикселли модул. OnePlus 5T «юраги» бўлиб Qualcomm Snapdragon 835 процессори хизмат қилади. Девайснинг тезкор хотираси 6 ёки 8 гигабайт, ички флеш-хотираси эса 64 ёхуд 128 гигабайт ҳажмга эга.

Ҳали расман намойиш этилмай туриб савдога чиқарилган қурилманинг ўлчамлари 157x75,4х7,25 миллиметрга, вазни эса 164 граммга тенг. Аккумулятори 3450 мА/соат сиғимли бўлган ушбу гаджет Android 7.0 Nougat операцион тизим бошқаруви остида ишлайди.

OnePlus 5T шу йилнинг охиригача тақдим этилиб, сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.