«Тахтлар ўйини»: спойлерлар хавфли, очманг!

  •   DiMaX
  •  1875
  •  28.08.2017 10:09

«Тахтлар ўйини»: спойлерлар хавфли, очманг!

«Тахтлар ўйини» «Game of Thrones» телесериали дунё бўйлаб оммалашиб бораётганидан хабарингиз бор. Ишқибозлар сабрсизлик қилиб, унинг янги қисмларида нималар юз беришини билишга ошиқадилар. Бу қизиқишлари эса хакерларга жуда қўл келмоқда, дея хабар беради The Verge нашри.

Айтилишича, хакерлар киноманларга сериалнинг янги қисмлари сюжети билан танишишни таклиф қилиб, электрон почта орқали спойлер (қисқача мазмуни) юборишади. Бироқ улар жўнатган файлда вирус бўлиб, у хакерларга компьютерни масофадан туриб бошқариш имконини беради.

Вирус тарқатишнинг ушбу янги услубини Cybersecurity Proofpoint компанияси мутахассислари аниқлашган. Хакерлар электрон почталарга хат тарқатиб чиқишмоқда: уларда кейинги серия мазмунини премьерадан олдин билиб олиш таклиф этилган бўлади. Қизиқтириш учун мактубнинг ўзида сюжет ҳақида бир нечта фактлар берилади. Ўз сўзларининг исботи сифатида хат муаллифи сериалнинг навбатдаги қисмидан айрим видеолавҳаларни томоша қилишни таклиф этади.

Мана шу жойида видеолавҳаларни кўриш учун 24 килобайт ҳажмидаги, docx форматли файлни кўчириб олиш таклиф этилади. Ахборот технологияларидан салгина хабари бор одам шундоқ ҳам англайдики, уч дақиқалик видео файли бу ҳажмга ҳеч қанақасига сиғмайди. Ўша docx-файлда видеофайл белгичаси жойлашган, фойдаланувчи уни босиши билан «9002» троянининг модификацияланган алгоритми ишга тушиб кетади. У эса хакерларга ушбу компьютерни бошқариш имконини беради.

Шу боис, «Тахтлар ўйини» ишқибозларига бу каби спамларга алданмаслик тавсия этилади. Шунингдек, кибер-вируслардан ҳимояланиш йўлларини ўрганиш учун мана бу мақоламиз билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!