"Телефон фабрикаси" – Хитойда энг оммабоп смартфон бренди аниқланди

Хитой ёшлари маҳаллий аҳоли ишлаб чиқараётган арзон смартфонларни оммавий равишда харид қилишмайди. Xiaomi, Oppo, Vivo каби жаҳонда яхши сотилаётган брендлар ўз юртида у қадар ҳам ишончга кирмаган. Хитойда ҳали ҳам Apple флагманларининг нуфузи ўз ўрнини йўқотмаган.

Корея миллий савдо ассоциациясининг маълум қилишича, Apple Хитой ҳудудида энг кўп мобил алоқа воситалари фойдаланилаётган савдо белгиси – 171 миллион дона телефон.

Huawei — навбатдаги ўриндаги бренд. Маҳаллий бренднинг 132 миллион дона смартфони мамлакат ҳудудида ишлатилади. Ундан сўнгги ўринларда 124 миллион дона смартфон билан Oppo, 108 миллионта "ақлли телефон" сотган Vivo компанияси туради. Етакчи бешликни 68 миллионта смартфон билан Xiaomi якунлаб берган.

Сўнгги йилларда Хитойда смартфон савдоси кескин тушиб кетиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг "зарбаси"га учраган смартфон бренди -- Samsung. Ҳозирда кореялик компаниянинг Хитойда 48 миллион дона телефонлари фаол. Яна бир "жабрдийда" LG бўлиб, компания 2016 йилда Хитой смартфон бозорини тарк этаётгани хусусида расман эълон қилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Хитойда сотилаётган 63% смартфонлар ҳамёнбоп туркумга киради. Уларнинг нархи 300 доллардан ошмайди. 600 доллардан қиммат турадиган смартфонлар хариди 6,4% ни ташкил қилади. Бу туркумга мансуб флагманлар савдосида Apple мутлоқ етакчи.

Ёшлар аудиториясининг талаб ва истакларини ҳисобга олган ҳолда смартфон ишлаб чиқараётган Oppo ёки Vivo брендларидан фойдаланаётган ҳар 4 нафар одамдан бири бу брендларнинг моделларидан воз кечмайди.

Apple вазияти эса бирмунча ижобий: 53,4% iPhone фойдаланувчилари кейинги смартфони ҳам айнан iPhone брендига мансуб бўлишига ишонади.

Samsung эса нуфузидан айрилган: 7,2% кореялик бренд фойдаланувчиларигина келажакда Samsung телефонларидан харид қилиш истагини билдиришган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.