Телефон нега қотади?

Телефон нега қотади?

Эътибор берган бўлсангиз, Android смартфон янги харид қилинган вақтида жуда тез ва чаққон ишлайди. Бироқ бир муддат ўтгандан кейин смартфон дастурининг ишлаши секинлашади, самарадорлиги камаяди. Хўш, бунга сабаб нима? Гап шундаки, қўлингизда телефоннинг тезкор хотираси ҳажми ўртача сегментдаги компьютерларнинг тезкор хотираси билан баробар ёки ундан ҳам кўп. Тасаввур қилинг, қўлингизда шунчаки телефон эмас, балки компьютер жойлашган. Шу боис унинг дастурида жуда ҳам кўп процесслар бажарилади. Кўпинча телефоннинг қотишига мос бўлмаган зарарли иловалар, дастурнинг эскириши ёки нотўғри фойдаланиш сабаб бўлиши мумкин.

Келинг, энди, смартфоннинг ҳар доим чаққон ишлашини таъминлаш учун ёрдам берадиган профилактика усуллари билан танишсак.

Дастур фонидаги процесслар. Смартфонга жуда кўп иловаларни юклаш унинг ишини секинлаштиради. Иловани ёпганингиз билан у барибир фонда ишлаб, хотирани банд қилиб тураверади. Айниқса, агар ҳаддан ташқари кўп иловалар ўрнатилган бўлса, бу телефон самарадорлигига сезиларли таъсир кўрсатади. Бундай кераксиз иловаларга жонли обойлар ва виджетларни киритиш мумкин. Бунинг олдини олиш учун зарурий бўлмаган иловаларни телефондан ўчириб юбориш лозим. Телефонни ишлаб чиқарувчи параметрларига (Factory Data Reset) қайтариш бу муаммода жуда катта ёрдам беради.

Дастурий таъминотни янгилаш. Жуда кўп фойдаланувчилар телефон дастурий таъминотини янгилаб турмайдилар. Юқорида айтилгандай, смартфоннинг дастури катта ҳажмли ва доим профилактика талаб қилади. Ишлаб чиқарувчилар заруратга қараб дастур янгиланишларини чиқариб туришади. Айниқса, сўнгги пайтда Google ва Samsung ҳар ойда дастур янгиланишларини тақдим қилишмоқда. Хавотир олманг, дастурий таъминотни янгилаш учун Маликага бориш ёки бировдан илтимос қилиш шарт эмас. Буни шунчаки интернетга уланган ҳолда телефон созламаларида амалга оширса бўлади. Янгиланишлар дастурнинг ҳимоясини оширади, версиясини янгилайди, қўшимча имконият ва функцияларни тақдим этади. Дастурни янгилаш усуллари ҳақида ҳали алоҳида мақола чоп этамиз.

Доимий хотиранинг тўлиши. Одатда, телефоннинг доимий хотираси тўлиғича банд бўлганда, унинг ишлаши сустлашади. Шу сабаб телефондаги файлларни текширинг, зарур бўлмаганларини ўчириб ташланг ёки SD-картага ўтказинг. Телефон созламаларида кэш-файлларни ўчиришни унутманг.

Юқоридаги бирламчи профилактика усулларига амал қилсангиз, телефонингиз қотмасдан, елиб-югуриб хизматингизни бажараверади. Унутманг, смартфон бу шунчаки телефон эмас, у катта имкониятларга эга бўлган гаджет. Шу боис унинг тез ва яхши ишлаши, кўпинча, ўзингизга боғлиқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.