Telegram асосчиси Дуровга АҚШ махсус хизматлари томонидан бўлаётган босимлар

Telegram асосчиси Дуровга АҚШ махсус хизматлари томонидан бўлаётган босимлар

«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ҳамда Telegram мессенжери асосчиси билан АҚШнинг Федерал қидирув бюроси (ФҚБ; ФБР – Федеральное бюро расследований) агентлари бир неча бор учрашишган. Бу ҳақда Павел Дуровнинг ўзи The Baffler нашри учун берган интервьюсида айтиб ўтган.

Ўзининг айтишича, россиялик бу мильтимиллионер билан АҚШ махсус хизмат ходимлари илк бора 2014 йили учрашишган. Ўшанда агентлар ундан «ВКонтакте» тармоғининг ишлаши ҳақида сўрашган. Бу суриштирув аэропортда бўлиб ўтган. Дуровнинг таъкидлашича, уларга ўзи аввал оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилган гапларнигина айтган.

2016 йили, анъанавий Google I/O конференциясида ҳам ФҚБнинг икки нафар ходими Дуров билан учрашган. Улар асосчидан Telegram’га кириш учун «орқа эшик» очиб беришни сўрашган. Бунга сабаб сифатида, террорчилик хавфи мавжуд бўлган ҳолларда мессенжер фойдаланувчисининг шахсий маълумотларини текшириш заруратини важ қилиб кўрсатишган. Улар Дуровга тақдим этган ордер эса, кейинчалик маълум бўлишича, ҳеч қандай юридик кучга эга эмас экан. «Умид қиламизки, сиз бизни тушунасиз ва фикрларимизга қўшиласиз», – дейишган улар Дуровга. Шунингдек, агентлар мазкур анжуманга Дуров билан бирга учиб келган дастурчини ҳам сиқувга олишган. Telegram’нинг қандай ишлаши ҳақидаги техник маълумотларни тақдим этиши учун унга пул таклиф этишган.

П.Дуровнинг таъкидлашича, у ФҚБнинг мотивларини яхши тушунади. Унинг сўзларига кўра, мазкур воқеаларни оммага ошкор этишига биттагина сабаб бор. Яъни, АҚШ махсус хизматлари ўз мақсадига етиш учун компания ходимларини сотиб олишдан ҳам, раҳбарига босим ўтказишдан ҳам тоймасликларини таъкидлаш учунгина буларни маълум қиляпман, деган у.

«Шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлашга йўналтирилган мазкур илова ҳақидаги бирор ахборотни ўзим ёки бошқа кимдир четга чиқариб юборишини мен тасаввур ҳам қила олмайман. Улар террорчиларни излаш учун маълумот тақдим этишимизни сўрашдан бошлашлари мумкин, кейин эса, сўровлар доираси нақадар кенгайиб кетишини ким билади!?» – дейди Павел Дуров.

Эслатиб ўтамиз, Дуров ўз ходимларини АҚШ махсус хизмати «сотиб олиш»га уринганини аввал ҳам айтган. Шунингдек, Англия ҳам Telegram’даги шифрлашни бекор қилишларини сўраган. Бироқ асосчи аввалроқ Telegram овозли қўнғироқларининг ҳимояланганлиги таъкидлаб, асосий рақобатчи мессенжер – WhatsApp’ни, шунингдек Facebook ва бошқа айрим сайтларни ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини сотаётганликда айблаган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.