Telegram асосчиси Павел Дуров пул ва бойлик хусусида

Telegram асосчиси Павел Дуров пул ва бойлик хусусида

Павел Валерьевич Дуров — россиялик тадбиркор, дастурчи. 1984 йилда таваллуд топган. Талабалик йилларида Россия Федерацияси Президенти стипендияси номзоди бўлган. «ВКонтакте» ҳамда Telegram платформалари асосчиси. Forbes рейтингига кўра, Дуров 2016 йилда $0,6 млрд доллар маблағ билан Россиянинг энг бой кишилари рўйхатида 135-ўринда туради. Қуйида миллиардернинг бойлик ва пул ҳақидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

"Менинг ҳаёт тарзимни кошоналарда, қўша-қўша машиналар қуршовида ва шахсий самолётларда тасаввур қилган одамлар қаттиқ янглишадилар. Менда на самолёт, на қиммат спорт машиналари ёки ҳашаматли сарой бор. Менинг кундалик турмушим ниҳоятда содда -- яёв ҳаракатда бўлиш ва ишга метрода қатнаш, самарали иш кунидан кейин 18-20 м2 майдондан иборат ижара хонасида умргузаронлик қилиш. Менинг ўрнимда бўлиш истагидаги одамнинг спиртли ичимликлар ва гўшт истеъмол қилиш ҳамда жавонни қимматбаҳо кийимлар билан тўлдириш каби одатлардан воз кечишига тўғри келади.

Оддий ва камбағалона ўтган талабалик кунларимдан бошлаб шу кунгача ўз-ўзимга мол-дунёнинг ўткинчи экани, яратувчанлик ҳаётнинг бош эҳтиёжи ҳамда ташқи ҳолат ҳеч қачон инсоннинг ички ҳолати учун тарози бўла олмаслигини уқтиришдан чарчамайман. Шунга ҳам 10 йил бўлибди. Бойлик ортидан янги одатлар орттириш ва янги одамга айланиш -- билиб туриб ўзингизни қулга айлантиришга тенг. Киши кўрсинга серҳашам ҳаётга ошно бўлиш, атрофга қўрқоқ ва муттаҳам одамларни тўплаш, зарурат боис ёлғон сўзлаш ва хотиржамликни қурбон қилиш -- бу сизнинг мол-дунёга бўлган баднафслик учун тўланадиган товоннинг бир қисми, холос.  


Инсон пулни деб бир-бирининг инсоний шаънини булғамайдиган маънавий юксакликка етиб келди. Модомики, орамизда шундай одамлар бўлса, уларнинг хатти-ҳаракатлари бирор мантиқий асосга эга эмас. Бойлик боис зўравонликни одат қилган жамият эса узоқ мавжуд бўлмайди.

Мол-дунёга ўч одамларнинг энг катта гуноҳи эса -- топилган пулларни оғринмай ҳавога совуришдир.

Катта бўлмаган шаҳар нархига тенг бўлган яхталар ёки 2 миллион долларлик автомоббил харид қилиш орқали сохта обрў орттириш носоғлом ижтимоий қарашларга, исрофгарчилик ҳамда зўравонликка сабаб бўлади.

Кўҳна бир нақл бор: "Қул озодликка эришишни эмас, қулдор бўлишни орзу қилади". Ҳамонки, инсон ўз-ўзидан озод бўла олмас экан, у ҳеч қачон ички қулликдан халос бўла олмайди. Пулнинг қулига айланиб қолиш -- ҳеч қачон ўзининг шахсий ҳаётига чинакам эгалик қила олмасликни англатади".

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!