Telegram блокланса ҳам iOS ёки Android-смартфондан унга кириш йўли бор!

  •   DiMaX
  •  2675
  •  24.03.2018 17:32

Telegram блокланса ҳам iOS ёки Android-смартфондан унга кириш йўли бор!

Айни дамда Ўзбекистонда ҳам кўплаб фойдаланувчиларга эга бўлган энг оммабоп, шу билан бирга шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминловчи мессенжер – Telegram бўлади. Аммо Россия Федерацияси тез кунлар ичида уни блоклаш арафасида турибди.

ЎҚИНГ: Telegram’ни блоклашмоқчи, вазият жиддий!

Сайтимиз мухлислари орасида Россиядан кирувчилар ҳам мавжудлигини инобатга олиб, чиндан ҳам Telegram блокланса уни очиш йўлларини кўрсатиб ўтмоқчимиз. Қуйидаги йўриқномада Android ҳамда iOS тизимли смартфонларда блокировкани «айланиб ўтиб» Telegram’га киришнинг иккита усули баён этилган.

1. SOCKS5 протоколи орқали кириш

2017 йилнинг ёзида Telegram иловасига SOCKS5 протоколини қўллаб-қувватлаш функцияси қўшилган эди. Бу функцияни фаоллаштирсангиз, интернет-трафик «айланма йўллар» орқали кетади; алоқа оператори ёки интернет-провайдер уни фильтрлай олмайди. Шунингдек, Telegram’да уланиш созламаларини улашиш имконияти ҳам тақдим этилган.

Хуллас, блокировкани SOCKS5 протоколи орқали айланиб ўтиб Telegram’дан фойдаланиш учун, илованинг созламаларига – «Настройки»га кирасиз. Telegram’нинг iOS-иловасида ўша ердаги «Данные и диск» бўлимини очиб, «Тип соединения» қисмидаги «Прокси» варақасига ўтасиз. Агарда смартфонингиз Android тизимли бўлса, у ҳолда илова созламаларига киргач, «Трафик и хранилище» бўлимини очасиз ва энг пастидаги «Настройки прокси» варақасига кирасиз.

Энди прокси созламаларида SOCKS5 бандини танлаб, ишлаётган бирор сервернинг IP-манзили ҳамда портини кўрсатасиз. Ишлаб турган прокси-серверлар рўйхатини интернетдан топасиз, масалан, мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

Охирида созламалардаги ўзгаришларни сақлаб, ҳар эҳтимолга қарши Telegram’ни битта ўчириб-ёқасиз ва фойдаланаверасиз. SOCKS5 маълумотларни шифрланган шаклда узатади, шу боис ёзишмаларингиз махфий қолишидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади.

2. Бепул VPN-сервис орқали кириш

Блокланган иловани интернетдаги махфий туннел – VPN орқали ҳам очиш мумкин. Бунинг учун бир қатор VPN-сервислар мавжуд, масалан – Opera VPN. Android-смартфонларга уни мана бу, iOS-қурилмаларга эса мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Хуллас, Opera VPN иловасини ўрнатиб олгач, уни очасиз ва уланиш созламаларида исталган бир мамлакатни танлайсиз. Сўнг Telegram’ни очасиз – блокланган бўлишига қарамасдан у ишлайверади.

ЎҚИНГ: VPN нима ўзи?

Фақат бир жиҳатни эсда тутинг – қурилманинг барча интернет-трафиги энди VPN-сервер орқали ўтади. Шу боис маълумот секинроқ юкланиши, натижада Telegram бирмунча оғирроқ ишлаши ва умуман интернет тезлиги пасайиши мумкин.

Блокланган тақдирда Telegram’ни компьютердан очиш қўлланмасини қуйидаги мақоламизда тақдим этганмиз. Бу йўриқномаларни ўрганиб олишлари учун ушбу мақолаларимизни дўстларингизга ҳам улашинг!

ЎҚИНГ: Telegram блокланса ҳам унга компьютердан кирса бўлади!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.