Telegram’даги энг яхши ботлар (2-тўплам)

  •   DiMaX
  •  13188
  •  29.03.2017 12:16

Telegram’даги энг яхши ботлар (2-тўплам)

Кузатувчиларнинг фикрича, мессенжерлар яқин орада ижтимоий тармоқлардан ҳам кўпроқ оммавийлашиб кетади. Шулардан Ўзбекистонда энг кенг тарқалганларидан бири Telegram ҳисобланади.

Мазкур мессенжернинг қизиқ имкониятларидан бири ботлар билан ишлаши бўлса керак. Биз қизиқарли ва фойдали ботларнинг рўйхатини аввалги мақоламизда ўқувчиларимизга тавсия этгандик. Бугун навбат шунинг давомига – Telegram ботларининг иккинчи тўпламини эътиборингизга ҳавола қиламиз!

Weatherman

Смартфонингиздаги об-ҳавони кўрсатувчи иловаларни энди ўчириб ташласангиз ҳам бўлаверади: мазкур бот сизга бу борадаги керакли маълумотларни етказиб туради. Яна бу хабарни куннинг қайси пайти олишни истасангиз, шуни созламаларда белгилаб қўясиз ва ҳар куни шу вақтда керакли маълумот сизга етказилади. Бугунги, эртанги ва беш кунлик об-ҳаво маълумотини беришдан ташқари, унда автоматик билдиришномлар функцияси ҳам мавжуд.

MyCookBot

Кечки овқатга нима тайёрлашни билмаяпсизми? Мана шу ботни контактларингизга қўшиб қўйсангиз, кейин ошхонада иккиланиб турмайсиз!  Сизга рецептларни етказиб беради, яна энг яхши томони – ўзингизда бор масаллиқлар рўйхатини юборсангиз, бу бот ўшалардан нималар пишириш мумкинлигини кўрсатади. Ёқимли иштаҳа!

TempMail

Турли сайтлар ва сервисларда рўйхатдан ўтаётиб, ўз электрон почтангиз манзилини берасиз. Кейин эса почтангизга ўша сайтдан турли кераксиз янгиликлар, спамлар келавериб безор қилади… Таниш ҳолатми? Бундан қутулишга мана шу бот ёрдамга келади – у сизга вақтинчалик электрон почта манзили очиб беради. Сайтда рўйхатдан ўтиб бўлгач эса бу манзилни эсдан чиқариб юбораверасиз – 10 дақиқадан сўнг у ўз-ўзидан йўқолиб кетади.

PronunciationBot

Хорижий тиллар билан ишлайдиганлар яхши билишади – сўзларнинг талаффузида кўп адашамиз. Мана бу бот эса нақ 84 тилдаги исталган сўзнинг қандай талаффуз этилишини билади! Шунчаки, унга сўзни ёки жумлани ёзиб юборасиз ва жавоб сифатида овозли хабар оласиз. Мазкур бот гуруҳли чатларда ишлайди. Талаффузни аниқлаштиришдан ташқари, у бирор матндан аудиофайл ясаш учун ҳам керак бўлади.

YouTube Downloader

YouTube’дан видеороликларни кўчириб олишнинг турли йўллари бор, масалан, Android қурилмага ва компьютерга видеоларини юклаб олиш йўллари ҳақида аввал ҳам мақола чоп этганмиз. Яна бир усули – уларни тўғридан-тўғри Telegram орқали ҳам олса бўлади. Бунинг учун мазкур ботга керакли видеолавҳа манзилини юборасиз, тасвир сифатини танлайсиз ва жавобан сизга уни кўчириб олиш учун яратилган ҳавола келади.

InstaSave

Ҳа, Instagram тармоғидан фото ва видеоларни кўчириб олиш YouTube’дан олишга қараганда бирмунча мураккаброқ. Бироқ ушбу бот ёрдамида буни саноқли сонияларда амалга ошира оласиз. У ҳам худди юқоридаги бот каби ишлайди – керакли тасвирнинг манзилини юборасиз ва жавобида сизга медиафайл келади. Яхши томони – у YouTube’дан ҳам керакли видеоларни олиб жўната билади.

Gifs.com Bot

Медиафайллар ҳақида гап кетганда, GIF-файлларни эсламасликнинг иложи йўқ. Telegram’да улар кўп тарқалган, уларни мириқиб томоша қиласиз ва яқинларингизга юборасиз. Бироқ ўзингиз ҳам шундай ҳаракатли расм ясай олишингиз мумкинлигини биласизми? Бунда сизга мана шу бот ёрдамга келади. У исталган видеосервисдаги (Instagram, Vine, Facebook, Twitter, Gfycat…) видеофайл манзилини мазкур ботга юборсангиз бас…

TriviaBot

Бу – савол-жавоблар викторинаси боти. Унда инглиз тилида саволлар ва жавоб вариантлари берилади.

Chuck Norris Jokes

Кўнгилочар ҳазиллар юборувчи бот. Номидан ҳам англаган бўлсангиз керак: у машҳур актёр, жанговар санъатлар устаси Чак Норрис ҳақида ҳазиллар юборади. Ўрнига ўзингизнинг ёки дўстингизнинг исмини қўйиб, дўстларингизга юбориб ҳазиллашсангиз бўлади.

Files Bot

Файллар билан ишлашга ёрдам берувчи бот. У файлларингизни сақлаш ва бошқа фойдаланувчилар билан бўлишишда қўл келади.

Andy | Learn English

Инглиз тилида сўзлашув маҳоратингизни ошириш учун қулай бот. У билан мулоқот қилиш қизиқарли: ҳазиллар юборади, саволлар беради, ўзи жавоб беради… Хуллас, ҳазил-ҳузул билан янги сўзларни ўзлаштирасиз, грамматикани ўрганасиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.

Wolfram Alpha

Бу – wolframalpha.com сайтининг боти, у математика бўйича энг мураккаб саволлар ва масалаларга жавоб топиб беради. Талабалар учун керакли ботлардан бири.

«Что? Где? Когда?»

Шу номдаги телеўйиндаги каби мураккаб мантиқий саволлар берувчи ўйин боти. Қани, Google ёки бошқа ёрдамчи кўмагисиз ўз билимдонлигингизни бир намойиш этиб кўринг-чи?

Ўйнаб ўрган

Инглиз тилидаги энг фаол уч мингта сўзни ўрганишга ёрдам берувчи бот. Яхши жиҳати – саволларга жавоб бериш орқали ўрганилади, олтита турли мураккаблик даражаси мавжуд. Тўғри/нотўғри жавоблар статистикасини кўриш имкони бор. Яна тескари йўналишда – русча сўзларга жавобан инглизчасини ёзиш ўйини ҳам бор.

Энг телбанамо янгиликлар

Ҳа, ростдан шунақа – дунёда содир бўлаётган аҳмоқона воқеа-ҳодисалар ҳақида кунлик янгиликлар тўпламларини бериб боради.

Юқоридаги ботлардан ташқари, технологиялар оламидаги янгиликлар, маслаҳатлар, нархлар ва тавсифлар бериб борилаётган @terabaytuz каналини ҳам яхши биласиз-а?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.