Telegram ўз криптовалютасини қачон чиқаради?

  •   DiMaX
  •  441
  •  10.01.2018 13:50

Telegram ўз криптовалютасини қачон чиқаради?

Шифрланган ҳолдаги хабарлар ва медиафайлларни алмашиш имконини берувчи мессенжерни тақдим этган Telegram компанияси ўзининг блокчейн-платформасини ишга тушириб, криптовалютасини чиқармоқчи. TechCrunch ресурсининг бир нечта манбаларга таяниб хабар беришича, «Telegram Open Network» (TON) кенг имкониятларга эга «учинчи авлод блокчейни» бўлади.

ЎҚИНГ: Павел Дуров: Кремл билан жанг, саргардон умр, Telegram ва қиймати ошаётган биткойнлари

Хабарга кўра, Telegram жамоаси жорий йилнинг баҳорида ICO – токенларнинг бирламчи жойлаштирилишини амалга оширади. Унинг доирасида 3–5 миллиард АҚШ доллари жалб этилиши кўзда тутилган. Telegram криптовалютаси – Gram токенларининг савдоси орқали компания 500 миллион доллар атрофида инвестиция олишни кўзламоқда. Аммо бу рақамлар март ойига белгиланган ICO арафасида ўзгариши ҳам мумкин. Тўлов учун фақат ҳақиқий пуллар қабул қилинишини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Манбаларга кўра, токенларнинг 4 фоизи (200 миллион Gram) компания дастурчиларини қўллаб-қувватлаш учун захиралаб қўйилди. Тахминан 52 фоиз қисмини компания ўзида ушлаб туради, бу чайқовчиликнинг олдини олиш ҳамда жараённи осонроқ назорат қилиш учун керак. Қолган 44 фоизи эса очиқ ва ёпиқ савдо майдончаларига чиқарилади.

ЎҚИНГ: Дуров криптовалюта чиқариб, Telegram фойдаланувчиларини ҳам миллионерга айлантирмоқчи (+видео)

TechCrunch журналистлари танишиб чиққан Telegram ҳужжатига кўра, TON лойиҳасини тўртта босқичда амалга ошириш назарда тутилган: TON Service, TON DNS, TON Payments, TON Blockchain.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Telegram External Secure ID номли ташқи хавфсиз идентификация тизими ишга туширилади. Telegram Wallet электрон ҳамёнининг ишга туширилиши эса 2018 йилнинг тўртинчи чорагига белгиланган. TON тизимига асосланган иқтисодиётнинг кенг жорий этилиши 2019 йилнинг илк чорагига тўғри келиши мумкин. TON’нинг қолган сервислари эса 2019 йилнинг иккинчи чорагида иш бошлаши кўзда тутилган.

Таъкидлаш керакки, юқоридаги каби хабарларни Telegram компанияси расман тасдиқлаган эмас. Шунингдек, энг оммалашган криптовалюта – биткоин нархи ҳам пастлаганини эслатиб ўтиш ўринли.

ЎҚИНГ: Bitcoin.com асосчиси барча биткоинларини сотди. Эртак тугаяптими?

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.