Telegram қатор фойдали функцияларга эга бўлди

Telegram қатор фойдали функцияларга эга бўлди

Telegram мессенжерининг дастурчилар жамоаси унинг функционал имкониятларини кенгайтиришдан бир зумга бўлса ҳам тўхтаганлари йўқ. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида мазкур мессенжердан фойдаланувчи фаол аудитория тобора кенгайиб бормоқда. Мисол учун, 2018 йилнинг март ойида Telegram хизматидан фаол фойдаланувчилар сони жаҳон миқёсда 200 млн нафарга етди. Уларнинг ҳар бири ҳар куни бу тармоққа ҳеч бўлмаса бир маротаба киради.

23 март куни Telegram хизмати учун навбатдаги янгиланиш ишга туширилди. Мессенжернинг бу янги талқинини Android ҳамда iOS операцион тизимлари фойдаланувчилари смартфон ёки планшетларига юклаб олишлари мумкин.

Мазкур янгиланиш икки фойдали функциялар – қидирув тизими ёрдамида стикерларни излашни амалга ошириш ҳамда фотосуратларни алоҳида эмас, балки пачкалаб, яъни биратўла бир нечта сурат юбориш имкониятлари билан таъминланган.

Ушбу мессенжерда стикерларнинг жорий қилинганига 2 йилдан ошди ва бу функция унинг оммалашувига ижобий ҳисса қўшган. Кўплаб учинчи томон дастурчилари ўзларининг шахсий стикерларини ишлаб чиқариб, бу хизматда эълон қилганлар. Натижада, уларнинг сони ҳозирда 500 дан ошиб кетган.

Шу сабабдан ҳам, Telegram дастурчилари стикерлар бўйича тезкор қидирув тизимини ишга туширишга қарор қилганлар. Бу функциядан фойдаланиш жуда осон. Агар сиз калит сўзни ёки бирор Emoji смайликни киритсангиз, хизматнинг ўзи сизга мавзу бўйича зарур стикерни таклиф қилади.

Шу билан бирга, энди Telegram тармоғида фотосуратларни дасталаб ёки паскалаб юбориш имконияти туғилди. Бу функция ҳам осон ва ундан фойдаланиш ортиқча иш талаб қилмайди. Агар сиз фотосурат ёки видео жўнатмоқчи бўлсангиз, керакли файлларни белгилаб оласиз ва шундан сўнг мессенжерда пайдо бўлган "+" белгисини босасиз.

Айтиш жоизки, iPhone, iPad ҳамда iPod Touch фойдаланувчилари ҳам энди тунги режимни автоматик ишга тушириш функциясидан маза қилиб фойдаланишлари мумкин. Android тизимида бу жиҳат бир неча ҳафта илгари ишга туширилган эди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!