Telegram'даги ҳаракати туфайли илк инсон қамоққа олинди

Telegram'даги ҳаракати туфайли илк инсон қамоққа олинди

Кеча, 4 апрель куни Россия ҳудудида Telegram мессенжери блокировка қилиниши керак эди. Роскомнадзор ташкилоти компанияга зарур маълумотларни тақдим қилиши учун 15 кун муҳлат берган. Бугун эса Роскомнадзор судга мессенжерни ёпишни сўраб мурожаат қилди.

Telegram оммалашгани сайин у билан боғлиқ ёки унинг ёрдамида амалга оширилаётган қонун бузилиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Шуни ҳисобга олиб бир муддат аввал Россия фуқароларининг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди. Telegram билан боғлиқ жиноят эса Россия Федерацияси суди амалиёти тарихида кўрилган илк иш бўлди.

Приморский ўлкасида истиқомат қилувчи юрист Дмитрий Третьяков шу кунларда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 280-моддаси билан айбланмоқда. Унга кўра, Дмитрий Третьяков интернет ёрдамида, яъни Telegram орқали экстремизм ғояларини тарқатган.

Россия нашрларида ёзилишича, Дмитрий Третьяков 2017 йилда журналист Аркадий Бабченконинг Telegram-каналидаги фикрларни тарқатганликда айбланмоқда. Жиноий иш ҳам айнан шунинг учун очилган. Айбланувчи айни пайтда ҳибсда ушлаб турилибди.

Унинг Telegram тармоғида тарқатган постларида зўравонлик, бузғунчилик ҳамда вайронкорлик ҳаракатлари аниқланган. Ушбу айбловлар тасдиғини топадиган бўлса, айбланувчи беш йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Унда Дмитрий Третьяков Telegram туфайли қамоққа тушган тарихдаги илк инсон бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.