Telegram янгиланди: Android учун кенг имкониятлар!

Telegram янгиланди: Android учун кенг имкониятлар!

Оммабоп Telegram мессенжерининг Android операцион тизими бошқаруви остидаги қурилмаларга мўлжалланган иловаси 4.4.2 талқинигача янгиланди. Ундаги айрим ўзгаришлар ҳақида Telegram Live канали хабар берган.

Telegram’даги ўзгаришлардан энг муҳимлари қаторида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

  • Мессенжернинг ўзидаги YouTube плеери кўриниши ўзгартирилган. Бу Google талабига биноан амалга оширилган.
  • Энди супергуруҳ ва канал яратувчиси ташкил этилган чатни ўчириб юбормасдан туриб, уни тарк этиши мумкин. Бу эса канал ёки супергуруҳнинг бошқарувини бошқа фойдаланувчига топшириш имконини беради. Лекин янги эгаси мазкур ҳамжамиятнинг тури ёки манзилини ўзгартира олмайди. ДИҚҚАТ: айни дамда бу функциянинг битта нуқсони бор: каналнинг яратувчиси, агарда унда ягона маъмур ёки фойдаланувчиларни каналга таклиф этиш ҳуқуқига эга ягона шахс бўлса, у ҳолда ўзининг каналга таклиф этувчи ҳаволаси орқали қайта кира олмайди. Мазкур камчилик яқин орада тузатилса керак.
  • Супергуруҳ ва каналлардаги ёзишмалар илгари фон режимида юклана олмас эди, бу камчилик ҳам бартараф этилган.
  • Махфий канал ёки гуруҳ яратувчиси ундан чиқиб кетса, ўша гуруҳ ёки каналга элтувчи ҳавола ишламай қолади. Шунингдек, то қайтиб киргунича ундаги ёзишмалар тарихи ҳам унинг учун йўқолиб қолади.
  • Махфий бўлмаган чатлардаги шахсий ёзишмаларда ўз-ўзидан йўқолиб кетувчи фотосурат ва видеолавҳалар юбориш имконияти тақдим этилган.
  • Видеоредактор ва фоторедактор янгиланган.
  • Энди фойдаланувчи ўзи ҳақида қисқа маълумот (70 тагача белги билан) киритиб қўйиши мумкин.
  • Чатда энди стикерлар ва эмодзилар рўйхатини тўлиқ экранда очиш имконияти мавжуд.
  • Instant View режимидаги мақолада юқорига-пастга суриш (прокрутка) чизиқчаси пайдо бўлган.
  • Янгича шифрланган CDN эвазига, катта (100 000 дан ошиқ аъзоси бўлган) оммавий каналларда медиафайлларнинг юкланиши тезроқ кечади.

Хуллас, Telegram мессенжерининг Android-иловаси 4.4.2 талқинидаги ўзгаришлар асосан шулардан иборат.

Шунингдек, Telegram’даги энг ишончли ва фойдали каналлар рўйхати билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.