Telia Company Европадаги илк оммавий 5G тармоғини ишга туширди

Telia Company Европадаги илк оммавий 5G тармоғини ишга туширди

29 сентябрь – жума куни Intel компанияси Европада биринчи оммавий бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини ишга туширганлиги ҳақида хабар қилди. Бу ҳақда ServerNews маълумот бермоқда.

5G-тармоқ телекоммуникацион ускуналар ишлаб чиқарувчи Ericsson компанияси ҳамда Telia уяли алоқа оператори билан ҳамкорликдаги ҳаракатлар натижасида йўлга қўйилди.

Оммавий 5G тармоғи Таллин денгиз портида ҳамда тижорат-саёҳат кемаси бортида, йўловчиларни сифатли ва тезкор уяли алоқа билан таъминлаш мақсадида ишга туширилди. Шунингдек, Telia саноат мақсадларида – қурилишларнинг хавфли ҳудудларида экскаваторларни масофадан бошқариш учун ҳам бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини синовдан ўтказа бошлади.

Telia’нинг синов тариқасидаги тармоғи Ericsson компаниясининг 5G база станцияси ҳамда Intel 5G Mobile Trial Platform платформаси асосида йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида мазкур учта компания 2018 йили Таллин ва  Стокгольмда 5G тармоғини ишга туширишлари режалаштирилган.

Ericsson прогнозларига кўра, 2026 йилга бориб, уяли алоқа операторларининг бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларида хизматлар тақдим этишдан кўрадиган даромади 582 миллиард долларга етади ва бу уяли алоқа компанияларининг даромадларига 34 фоизга яқин қўшимча маблағ олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Тўртинчи авлод –  4G/LTE уяли алоқа тармоғини ҳам жаҳон алоқа бозорига илк бор айнан Telia Company тақдим этган. Бу – телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи компания бўлиб, дунё бўйлаб айрим мамлакатларда хизматлар кўрсатади. Жумладан, Ўзбекистонда уяли алоқа хизматларини тақдим этувчи Ucell савдо белгиси ҳам мазкур гуруҳга киради. Мазкур алоқа оператори юртимизда биринчилар қатори 4G/LTE алоқа тармоғини жорий этган.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.