Тез орада янги iPhone SE чиқади, iPhone 8 эса кечикади

  •   DiMaX
  •  1427
  •  20.07.2017 10:30

Тез орада янги iPhone SE чиқади, iPhone 8 эса кечикади

Apple корпорацияси шу йил август ойида бўлиб ўтадиган тадбирда iPhone SE моделининг янгиланган талқинини намойиш этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда махфий қолишни истаган манбага таяниб iGeneration нашри ёзмоқда.

Хабарга кўра, компания «юбилей» модели – iPhone 8 флагманини кейинроқ, тахминан октябрь ойида тақдим этади.

iPhone SE ҳали яшайди...

«Олмали» компаниянинг iPhone SE модели тақдири шу кунгача номаълум бўлиб келмоқда – куни кеча, уни энди ишлаб чиқаришмайди, деган хабарлар ҳам чиққанди. Энди эса, бу смартфонни кейинги ойдаёқ янгиланган вариантда тақдим этишлари хабар қилинаётир.

Айтиш керакки, iPhone SE телефони Apple’нинг ҳамёнбоплиги сабабли энг оммалашган моделларидан бири ҳисобланади. Жумладан, ўтган ойда унинг рекорд даража — 35% га арзонлашганлиги хабар қилинган эди. iGeneration хабарига кўра, янги SE модели ҳам арзон бўлади – унинг нархи 399 евродан бошланади.

Янгиланиш айтарли катта эмас

Тахминларга кўра, янги iPhone SE моделида олдингисига нисбатан ўзгаришлар унчалик кўп бўлмайди. Унда айрим аппарат ўзгаришлари кутилмоқда, яна нархи арзонлашади, холос. Чунки Apple эндиликда «ўртаҳолроқ» бозорларга кириб боришни кўзлаган. Масалан, компания бу моделни Ҳиндистон ҳудудида ишлаб чиқара бошлаганида ҳам шуни назарда тутган ўзи.

Шу билан бирга, ҳатто iGeneration нашрининг ўзи ҳам, ушбу ахборот «янги манбадан» олинганлигини маълум қилган. Бу эса мазкур маълумотнинг ишончли бўлмаслиги ҳам мумкинлигини англатади.

iPhone 8’га қачон навбат?

 Apple’нинг энг кутилаётган флагмани – iPhone 8 масаласига келсак, унинг ишлаб чиқарилиши кечиктирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга кўпроқ дуч келмоқдамиз. Аммо, корпорация ўз тақдимотлари жадвалига қатъий амал қилиб келаётганини инобатга олиган ҳолда таҳлилчилар айтаётган тахминларга кўра, «юбилей» модели шу йил сентябрь ойининг бошида намойиш этилса керак. Бироқ савдога у тақдимотдан яна икки ой ўтгачгина чиқарилиши эҳтимоли юқори.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!