"S8 кушандаси" -- Essential Phone сотувга чиқди

Android операцион тизимининг асосчиси бўлган Энди Рубин бошчилигидаги Essential компанияси май ойи охирларида илк смартфони — Essential Phone’ни тақдим қилган эди. Смартфон ўтган ҳафтада АҚШдаги онлайн етказиб берувчиларнинг сайтларида пайдо бўлди. Савдогарлар унинг бошланғич талқини учун $699,99, юқори талқини учун $749,99 долларгача сўрашмоқда.

Essential Phone экрани икки ёнида ромдан холи ва унинг юқорисидан ўрин олган олд камера ҳам экран билан уйғунлашиб кетган. Олд панел қуйисидаги экран ҳошияси ҳам юпқа. Бу эса олд панелнинг дизайнини очган. Смартфон корпуси бугунги замонавий смартфонлар каби алюминийдан эмас, титан ва керамикадан тайёрланган.

Essential Phone дисплейининг диагонали 5,7 дюйм бўлиб, унинг пикселлар сиғими QHD, яъни 2560×1312 пикселли.

Essential Phone учун ҳам 2017 йилнинг мобил флагман процессори бўлган Qualcomm Snapdragon 835 процессори танланган. Унинг оператив хотира сиғими 4 ГБ, доимий хотираси эса 128 гигабайтли. Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3040 мА соат.

Унинг бош фото-модули учун 2 та, ҳар бири 13 мегапикселли камералар ўрнатилган. Улардан бири оқ-қора диапазонда суратга олиши билан ўзига хос. Олд датчик эса 8 мегапикселли. Ҳар иккала камера сенсорлари ҳар секундда 30 та кадрли 4K видео тасвирга олиши билан ўзига хос. Орқа панелдан бармоқ излари сканери ўрин эгаллаган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.