Топ-10: Энг қудратли Android-смартфонлар (AuTuTu талқини)

  •   DiMaX
  •  1026
  •  16.05.2018 12:48

Топ-10: Энг қудратли Android-смартфонлар (AuTuTu талқини)

Мобил қурилмалар саноати ва бозори тобора ривожланиб, смартфонсозлар ҳамиша юксак самарадорликка эга моделлар яратиш борасида бир-биридан ўзишга интиладилар. Қизиғи шундаки, кўпинча етакчи компаниялар эмас, балки ўртача баҳоланувчи ишлаб чиқарувчилар айни шу кўрсаткич бўйича илғор бўлиб чиқишади.

ЎҚИНГ: Жаҳоннинг энг яхши смартфонлари рейтинги эълон қилинди

 Куни кеча – 2018 йилнинг 15 май санасида оммабоп AuTuTu бенчмарки ходимлари Android операцион тизими базасидаги энг бақувват ўнта смартфонни эълон қилишди. Айтиш керакки, 2018 йил апрелидаги ҳолатни акс эттирувчи бу рейтингда фақат шу ой охиригача савдога қўйилган моделларнинг ушбу сервисдаги тестда кўрсатган натижалари инобатга олинган. Топ-ўнталикка кирган қурилмаларнинг ҳар бири AuTuTu’да 500 мартадан ошиқ синаб кўрилган. Яъни, уларнинг кўрсаткичлари аниқ ва максимал даражада объектив баҳоланган.

Хулласи калом, 2018 йил апрель ойининг охиригача бўлган ҳолатга кўра, дунёнинг энг қудратли мобил қурилмаси Xiaomi компанияси тақдим этган Black Shark ўйинбоп смартфони бўлиб чиқди. 272 388 баллик натижа кўрсатиб, рейтинг чўққисини забт этган ушбу девайснинг хусусиятлари ва суратлари билан қуйидаги тавсифимизда батафсил танишиш мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi Black Shark – суюқликли совитиш тизими, махсус геймпад ва ўйин режимига эга ҳақиқий геймерофон!

Иккинчи ўринни эса 263 678 баллик натижа билан Android-смартфонлар борасидаги етакчи – Samsung компаниясининг Galaxy S9+ флагмани эгаллаган. Ушбу моделнинг «плюс»сиз талқини – Galaxy S9 модели эса 263 041 очко олиб, кучли учликни якунлаб берган.

«Хитойча Apple»нинг Mi MIX 2S флагмани ҳам чакки эмас – 262 789 балл билан тўртинчи ўринни забт этган. Бу компаниянинг «Қора Акула» геймерофонига рақиб тарзида рингга тушган ZTE’нинг «Қизил Жоду» – Nubia Red Magic моделини ҳам биласиз.

Гарчи рейтингда бешликни тугаллаб берган бўлса-да, ушбу смартфон кўрсаткичлари бирмунча паст – 215 481 балл. Бунинг сабаби ҳам маълум – у рақибларидаги каби энг илғор Snapdragon 845 эмас, балки Snapdragon 835 процессори базасида ишлайди.

ЎҚИНГ: Илк партияси атиги 37 сонияда сотиб тугатилган смартфон!

Юқоридагилардан аён бўлишича, самарадорлик борасида Snapdragon 845 ҳамда Exynos 9810 процессорларига эга смартфонлар бошқалардан яққол устунликка эга.

Мана, AuTuTu талқини бўйича жорий йилнинг апрели сўнгида дунёнинг энг кучли смартфонлари ўнталиги қуйидагича кўриниш олган:

Гувоҳи бўлиб турганингиздек, рейтингнинг олтинчи, еттинчи ва саккизинчи поғоналарини дунёнинг учинчи рақамли смартфонсози – Huawei компаниясининг Mate 10 Pro, Mate 10 ҳамда Honor V10 моделлари эгаллаган. Бу смартфонларнинг бақувватлигида улардаги Kirin 970 процессори – алоҳида NPU нейрон процессорига эга чип катта аҳамиятга эга. Тўққизинчи ўринни ўтган йилги амалдаги энг кучли флагман – OnePlus 5T эгаллаган бўлса, кучли ўнталикни унинг «ука»си – OnePlus 5 якунлаб берган.

Таъкидлаш керакки, май ойида ушбу рейтингда кучли ўзгариш бўлиши кутилаётир, зеро, яқин орада майдонга бир қатор янги флагманлар тушиб келади. Улар орасида LG G7 ThinQ, Smartisan R1, Nubia Z18, Xiaomi Mi 8 ва HTC U12+ кабилар ҳам мавжудлигини инобатга олсак, «жанг» қизғин бўлишини пайқаш қийин эмас.

ЎҚИНГ: iPhone X кушандаси, нақ тўртта камерали “топишмоқ” смартфон – HTC U12+ тақдимот санаси маълум!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.