ТОП-10: Қуввати узоққа етувчи энг илғор смартфонлар (октябр ҳолатида)

ТОП-10: Қуввати узоққа етувчи энг илғор смартфонлар (октябр ҳолатида)

Таниқли Phone Arena ресурси мутахассислари сўнгги тақдим қилинган флагман смартфонларнинг "қувват тошлари"нинг имкониятини синовдан ўтказиб кўрдилар.

Мазкур имтиҳонда Apple iPhone 8 Plus, LG V30, OnePlus 5, Xiaomi Mi Mix 2, HTC U11, Apple iPhone 8, Samsung Galaxy S8, Huawei P10 Plus, Samsung Galaxy S8 Plus, Samsung Galaxy Note 8, Google Pixel, Google Pixel XL, LG G6, LG V10 каби илғор флагманларнинг аккумуляторлари синовдан ўтказилди.

Унга кўра, Apple iPhone 8 Plus тўлиқ қувват билан энг узоқ ишлайдиган жаҳоннинг энг илғор флагмани бўлиб чиқди. Электр токи сиғими 2675 мА соат бўлган смартфон имтиҳонда тўлиқ қувват билан 10 соат 35 минут тўхтовсиз фаолият кўрсатди. Apple бу гаджетнинг тўлиқ қувват билан кутиш режимида 100 соат, интернетдан фойдаланганда 13 соат, мусиқа тинглаганда 64 соат, суҳбат қурганда 15 соат, видео тасвирга олганда 4 соат ишлашини маълум қилган. Бу натижага эришишида ундаги қувват тежашга мўлжалланган Apple A11 Bionic чипининг ўрни юқори. Бу чипда қувватни тўғри тақсимловчи "ақлли тизим" мавжуд.

iPhone 8 Plus (64 gb, gold, silver, black) "Малика"да 7 719 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

2-ўрин LG V30 флагманига насиб қилган. Super AMOLED матрицали Quad HD+ (2960 x 1440 белги) пиксел сиғимли экранга эга смартфоннинг тўлиқ қуввати 9 соат 34 дақиқага етган. LG V30 аккумулятори 3300 мА соат ток сиғимини жам қилади. Батареяни симсиз қувватлаш мумкин. LG V30 Жанубий Кореяда 21 сентябрдан 699 доллар (64 ГБ) баҳосида сотувга чиқарилди.

3-ўринда 5.5 дюймли Optic AMOLED матрицали, FHD экранли, 8 ядроли Snapdragon 835 процессори ва Adreno 540 видео-картасига эга OnePlus 5 турибди. Унинг 3,300 мА соат ток сиғимига эга аккумулятори смартфонга 9 соат 18 дақиқа фаолият юритишга хизмат қилган. Бу "қувват тоши" тезкор қувват олиш функцияси билан таъминланган. Юртимизда бу флагман 550 АҚШ долларидан сотилмоқда.

4-ўрин Хитойнинг "шов-шувли" Xiaomi Mi Mix 2 флагманига насиб қилган. Унинг 3 400 мА соат аккумулятори ёрдамида смартфондан 9 соат 5 минут фойдаланилган. Бу батарея ҳам тезкор қувват олиш технологиясига эга. 5,5 дюймли дисплейнинг пикселлар сиғими юқори -- 2160х1080 белгига тенглигини ҳисобга олсак, бу -- яхши натижа. Бунда гаджетдаги Snapdragon 835 илғор процессорининг ўрни ҳам юқори. Xiaomi Mi Mix 2 юртимизда энди-энди кириб келмоқда ва 700 АҚШ доллари атрофида сотилмоқда.

5-ўринда шу йилнинг 16 май куни Тайваннинг HTC технологиялар компанияси томонидан тақдим қилинган HTC U11 флагман смартфони турибди. Бу девайс тўлиқ қувват билан 9 соат 3 минут фаолият кўрсатган. HTC U11’нинг бошқа техник жиҳатлари сифатида юқори сиғимли — Quad HD (2560 x 1440 пикселли) дисплейни, сиғими 3000 мА соат бўлган аккумуляторни келтириш мумкин. HTC U11 дастлаб май ойидан муайян ҳудудларда, йил охирида эса жаҳон смартфон бозорида $650 доллардан сотувга чиқарилган.

6-ўринда Apple iPhone 8 турибди. Бу флагман тўлиқ қувват билан 8 соат 37 дақиқа ишлаган. 4.7 дюймли iPhone 8 ҳам олти ядроли A11 чипи билан таъминланган. iPhone 8'даги 1,821 мА соат сиғимли "қувват тоши" кўпчилик ишлаб чиқарувчилар татбиқ қилаётган QI стандарти асосида симсиз қувват олиш технологиясига эга бўлди. Орқа панелга шунинг учун ҳам шиша танланган. iPhone 8 учун "Олма" 800 доллар сўрамоқда.

7-ўрин 5,8 дюймли Samsung Galaxy S8 флагманига насиб қилган. Унинг 3000 мА соат ток сиғимини жам қилувчи аккумулятори смартфонга 8 соат 22 дақиқа ишлашига ёрдам берган. Galaxy S8 "Малика"да 5 166 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

8-ўрин Huawei P10 Plus'га насиб қилди. Имтиҳонда флагман тўлиқ қувват билан 8 соат 18 минут фаолият кўрсатган. Huawei P10 Plus’нинг экран диагонали 5,7 дюйм, сиғими — Quad HD. P10 Plus’да 3750 мА соат сиғимли аккумулятор ўрнатилган. Бу смартфонларга ўртача 2-2,5 кун ишлаши учун етади.

9-ўринда Samsung Galaxy S8 Plus турибди. Унинг тўлиқ қуввати гаджетга 8 соатга етган. 6.2” (158.1 мм) дюймли ва Quad HD+ (2960x1440, 529 ppi) сиғимли, SuperAMOLED матрицали смартфон 3500 мА соат ток сиғимига эга ва симсиз қувват олувчи аккумуляторга эга.

10-ўринни Samsung Galaxy Note 8 флагмани эгаллаган. Samsung Galaxy Note 8 диагонали 6,3 дюймли Infinity Display дизайнидаги, Galaxy S8 каби 18.5:9 ҳажмли, Super AMOLED матрицали Quad HD+ (2960 x 1440 белги) пиксел сиғимли экранга эга бўлган. Имтиҳонда смартфон 7 соат 50 дақиқа фаолият кўрсатган. Фаблетнинг аккумулятор сиғими 3300 мА соат.

Galaxy Note 8 сентябр ойи ўрталарида жаҳон бозорига "қора бриллиант", "сариқ топаз" (ялтироқ қимматбаҳо тош), "мовий сапфир" рангли корпусларда 1,185 АҚШ доллари нархида сотувга чиқарилди. Айни пайтда шаҳримизда 7 257 000 сўмдан сотилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.