Топ 10: сентябр ҳолатида энг яхши камерага эга смартфонлар

Топ 10: сентябр ҳолатида энг яхши камерага эга смартфонлар

Мобил воситаларнинг камераларини тестдан ўтказувчи DxOMark компанияси куни кеча iPhone 8 Plus флагманининг камераси улар томонидан ўтказилган имтиҳонларда энг юқори балл олгани тўғрисида эълон қилган эди. Биз қуйида мазкур ресурс энг кучли камерафон деб ҳисоблаган 10 та смартфонни эълон қиламиз.

10. Nokia 808 Pureview - кутилмаган натижа, албатта! Ахир 2012 йилда ишлаб чиқарилган ва 61 балл тўплаган камерафон кучли ўнликдан жой эгаллаши – ниҳоятда ажабланарли. Смартфон камераси илғорлиги боис вақтга чидамли: 1/1.2 дюйм ҳажмли сенсор 41 мегапикселли. Унда f/2.4 стандартидаги Carl Zeiss линзаларидан фойдаланилган. Камера Full HD видео ёзиши ва тасвир сифатини йўқотмасдан туриб манзарани 4 карра яқинлаштириши билан ўзига хос. Шунингдек, смартфонга фоточақноқ ҳам ўрнатилган.

9. Apple iPhone 6 - тестда 73 балл олган Apple iPhone 6 рейтингда 9-ўринда турибди. Бу Apple мобил фотографияга жиддий киришган илк гаджет. 8 мегапикселли бош сенсорнинг оптик линзаси f/2.2 ҳажмли бўлган. Бош камерада фазали автофокус ва фоточақноқ бўлган. Бош камера Full HD видео тасвирга олган.

8.Samsung Galaxy S6 Edge - бу флагман 82 балл тўплаган. Унинг 1/2.6 дюймли 16 мегапикселли сенсори бор. Смартфон f/1.9 стандартидаги (28 мм) оптик линза билан таъминланган. Шунингдек, камерада оптик барқарорлаштириш тизими ҳам мавжуд. Бу айниқса, 4K сиғимли видео лишда қўл келади. Смартфон LED фоточақноққа ҳам эга.

7. Sony Xperia XZ Premium - барча смартфон ишлаб чиқарувчиларни камера технологияси билан таъминлайдиган Sony ўзининг Xperia XZ Premium моделига энг яхши камера жиҳатларини татбиқ қилган. Бу гаджет имтиҳонда 83 балл олган. Бу DxOMark синовидан ўтган Sony'нинг илк смартфони. Ундаги 19 мегапикселли сенсор f/2.4 стандартидаги апертурага эга бўлган. Бу смартфон 4K сиғимли видеолар ёзади. Шунингдек. секинлаштирилган -- ҳар сониясига 960 та кадр муҳрланган видео ҳам ёзади.

6. Apple iPhone 7 - камера борасида 85 балл олган iPhone 7 флагманига 12 мегапикселли сенсор ўрнатилган. У фазали автофокус, оптик барқарорлаштириш тизимига эга.

5. Apple iPhone 7 Plus - яқин-яқингача ҳам iPhone 7 Plus камерафонлар орасида тенгсиз эди. Унинг имкониятлари 88 баллга баҳоланган. Албатта, бунда қўш сенсорли бош камеранинг аҳамияти юқори. 12 мегапикселли сенсор оптик линзаси f/1.8 ҳажмли бўлиб, оптик барқарорлаштириш тизимига эга, бу сенсор асосан ранг-тасвирни муҳрлашга масъул.

Бош камеранинг иккинчи сенсори эса 13 мегапикселли ва уни "телефото линзаси" дейиш мумкин. Бу сенсор кенг бурчак остида суратга олиш ва манзарани унинг сифатини йўқотмасдан туриб 2 карра яқинлаштириш учун масъул. Бош камера тезкор суратга олиши билан ҳам ўзига хос. Шу билан бирга, бу камерада секинлаштирилган видео ҳам суратга олиш мумкин.

4. HTC U11 - HTC U11 флагманининг суратга олиш имкониятларига 90 балл қўйилган. HTC U11 учун 1,4μm пикселни қамраб оладиган 12 мегапикселли сенсор танланган. Унинг ёруғликни қамраб олувчи оптик линза кенглиги f/1.7’га тенг. Смартфон Ultrapixel 3 технологияси, суратни оптик барқарорлаштириш тизими ва қўшқаватли светодиодли фоточақноққа эга.

Оптик барқарорлаштириш тизими, 2 тусли фоточақноқ, 4K видео тасвирга олиши, 3D аудио ёзиши билан ўзига хос. Шунингдек, унинг камера иловаси RAW форматидаги юқори сиғимли суратни 32 секундли, яъни етарлича узоқ экспозицияда суратга олади.

3. Google Pixel - DxOMark компанияси Pixel смартфонларининг камераларига юқори баҳо бериб, 89 баллга муносиб кўрган.

Google ҳам Pixel ва Pixel XL гаджетларини энг янги ва яхши  12,3 мегапикселли Sony IMX378 сенсори билан жиҳозлаган. Унинг пиксель ўлчами 1,55 мкм бўлиб, яқиндагина илк маротаба Xiaomi Mi5S смартфонида тақдим этилган эди. Шунингдек, Google’нинг кучли қуроли – HDR+ режимини ҳам унутмаслик лозим.

2. Apple iPhone 8 - яп-янги iPhone камерасининг имкониятлари 92 баллга муносиб кўрилган. У 12 мегапикселли бош камера билан таъминланган. Оптик барқарорлаштириш тизими, "фокус пиксел", 4 тусли фоточақноқ, Auto-HDR технологиялари, юз-қиёфани таниши билан смартфоннинг камераси юқори имкониятларга эга.

1. Apple iPhone 8 Plus - ҳозирча DxOMark имтиҳонларида iPhone 8 Plus мутлоқ пешқадам. Унинг имконияти 94 баллга баҳоланган. Унинг ҳар бири 12 мегапикселли 2 та сенсори телефото ва кенг бурчакли объектив вазифасини бажаради. Айниқса, телефото объективи манзарани 10 карра яқинлаштиради. Портрет жанрида суратга олишда ҳам бу камерафон тенгсиз. Жиҳатларига кўра, бу камера iPhone X камераси билан бир хил.

Бизнинг шахсий фикримиз: айни пайтда смартфон бозорида бу ердаги баъзи смартфонлардан яхшироқ суратга оладиган камерафонлар мавжуд. Мисол сифатида, One Plus, Huawei, Xiaomi каби брендларнинг моделларини айтиш мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.