Топ-5: ишончли аккумуляторга эга смартфонлар, уларнинг юртимиздаги нархлари

Топ-5: ишончли аккумуляторга эга смартфонлар, уларнинг юртимиздаги нархлари

Смартфонлар учун куч-қувват манбаи доимо муҳим жиҳат бўлиб келган. Бир маротаба қувватлаб, телефондан узоқ вақт фойдаланишни барчамиз ҳам хоҳлаймиз. Батареялар турли материаллардан тайёрланган бўлади ҳамда уларнинг электр токи сиғими ҳам бир-биридан фарқ қилади. Хавфсизлиги ҳам бевосита сифатига боғлиқ.

Смартфон хариди чоғида ҳар бир харидор смартфоннинг ток сиғимига диққат қилади. Шу билан бирга, бугун тезкор қувватлаш тизими ва қувватни тўлдириш вақти ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар. Аккумулятор ишончли бўлса, у тўсатдан тутаб ёки ёниб кетмайди.

Бугунги кунда кунора портлаб кетаётган смартфонлар ҳақида ўйлар эканмиз, ҳар биримиз хавфсизлигимиздан қайғурамиз. Шунингдек, аккумуляторнинг узоқ вақт хизмат қилиш ҳам унинг сифатига боғлиқ.

IGN Tech технологиялар компанияси ҳозирда смартфон бозорида мавжуд мобил алоқа воситаларининг қувват манбаларини синовдан ўтказиб кўрди. Бу синовда ўндан зиёд смартфон моделлари имтиҳон топширдилар. Унинг асосида ишончли ва яхши аккумуляторга эга смартфонлар танланди.

Улардан эса "топ-5"ликни диққатингизга ҳавола қилмоқчимиз. Бу аккумуляторлар энг ишончли ва телефондан самарали фойдаланиш учун сизга яқин кўмакчи бўлади.

Натижага кўра, экспертлар iPhone X смартфони ишончли ва сифатли, чидамли аккумуляторга эга бўлган деб топишди. Бу смартфон батареяси корпус орқасида "L" шаклида жойлашган, яъни икки қисмдан иборат. Унинг электр токи сиғими 2716 мА соат. Айни пайтда iPhone X (64 Гб, grey) "Малика"да 8 622 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Ишончлилик ва бир марталик қувват билан узоқ вақт безовта қилмаслик бўйича iPhone 8 Plus иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Унинг батареясининг ток сиғими 2675 мА соатга тенг. iPhone 8+ (64 Гб, grey, gold, silver) ҳозирда "Малика"да 6 930 000 сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Рейтингдаги учинчи ўринда Samsung Galaxy S9 флагман смартфонининг аккумулятори турибди. Унинг ток сиғими 3000 мА соат. Galaxy S9 моделининг қора, кул ранг ва сиёҳ ранг корпусли талқинларини ҳозирда "Малика"дан 6 476 250 сўмдан бошлаб харид қилиш мумкин.

Тўртинчи ўринни Google Pixel 2 телефонининг батареяси эгаллаб турибди. Унинг ток сиғими 2700 мА соат. Юртимизда у қадар ҳам оммалашмаган Google Pixel 2 Ўзбекистонда 730 АҚШ долларидан бошлаб сотилмоқда.

Сўнгги ўринда эса LG V30 турибди. Бу флагманда 3300 мА соат токни жам қиладиган аккумулятор мавжуд. LG V30 Ўзбекистонда 600-630 АҚШ долларидан бошлаб сотилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, юқоридаги телефонларга ўрнатилган аккумуляторлар сифати билан бошқаларидан ажралиб туради. Ишлаб чиқарувчилар смартфонни тайёрлашда аккумуляторлар учун пулни аяшмаган ва қиммат батареяларни ўрнатишган.

Экспертларнинг фикрича, бу аккумуляторларнинг ёниб кетиш хавфи энг паст ва улар узоқ вақт фойдаланувчига хизмат қилади.

Шу билан бирга, экспертлар Цельсий шкаласи бўйича ҳаво ҳарорати 10 градусдан паст бўлган шароитда смартфондан фойдаланмасликни маслаҳат беришмоқда. Шунингдек, смартфонни узоқ вақт давомида қуёш нурлари остида қолдирманг. Акс ҳолда, ҳаммаси бехайр тугаши мумкин.