Тошкент автобусларида бепул Wi-Fi пайдо бўлди

Тошкент автобусларида бепул Wi-Fi пайдо бўлди

Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи 3 та йўналишли автобусда Wi-Fi Bus лойиҳаси доирасида бепул Wi-Fi ишга туширилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати хабар берди.

Эндиликда бепул Wi-Fi'дан 2-сонли, 38-сонли ва 72-сонли автобус йўловчилари фойдаланишлари мумкин. Унга қандай уланади?

Исталган мобиль қурилма ёрдамида Uzmobile-Wi-Fi тармоғидан кириш мумкин бўлган Wi-Fi'ни танлаб, 9432 (Uzmobile абонентлари учун) қисқа рақамига ёки +99895 146-94-34 (бошқа мобиль операторлар абонентлари учун) рақамига хоҳлаган бирор белгини  SMS тарзида юбориш керак.

Интернет тезлиги қанча бўлиши маълум эмас.

“Тошшаҳартрансхизмат” хабарида қайд этилишича, фойдаланувчиларда бепул Wi-Fi орқали фақатгина Ziyonet.uz порталига кириш имконияти бор.

Йил сўнггига қадар яна 50 та йўналишли автобусларда бепул интернет тармоғини жорий этиш режалаштирилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!