Тошкент ИИББ интернетга қўйилаётган роликларни назоратга олади

Тошкент ИИББ интернетга қўйилаётган роликларни назоратга олади

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари Интернет тармоғида пайдо бўлаётган ҳуқуқбузарликлар акс этган роликларни назоратга олиб, уларда қайд этилаётган фактларни тезкорлик билан ўрганишмоқда, деб хабар қилди Тошкент ИИББ раҳбари ўринбосари, Тергов қўмитаси раҳбари Дониёр Тошхўжаев.

Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, бу иш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан доимий тарзда амалга оширилмоқда. Роликларни кузатиш ишлари билан махсус ходимлар билан бир қаторда оддий терговчилар ҳам шуғулланишяпти.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари назарига тушаётган видеороликлар албатта қайд этилмоқда, улар бўйича суриштирув ишлари ўтказилмоқда. Жиноят содир этилганлиги аниқланса зарур тергов тадбирлари бошлаб юборилмоқда", — деб айтган Тошхўжаев.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиши органлари вакиллари, шунингдек, электрон почтага аноним тарзда юборилаётган роликлар ҳам кўриб чиқилаётганини қўшимча қилишган. Шу боис, видеода жиноятчи муҳрланганлиги туфайли ўз ҳаётидан хавфсираётган фуқаролар ҳеч қандай қўрқувсиз роликларни милицияга йўллашлари мумкинлиги айтилган.