Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ҳужжатлар қабули бошланди

  •   DiMaX
  •  966
  •  18.04.2017 09:54

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ҳужжатлар қабули бошланди

2017 йилнинг 17 апрель кунидан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни бошлади. Бу хусусда Университет сайтида хабар берилмоқда.

Мазкур муассасага ҳужжатларни топшириш жараёни аввалги йиллардаги каби тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади. IUTда ўқишни истаган абитуриентлар, https://admissions.iut.uz ҳаволаси бўйича университет сайтига кириб, онлайн рўйхатдан ўтиш шаклини тўлдиришлари лозим.

Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар шахсий маълумотларнинг электрон нусхасини илова қилишлари лозим: паспорт, академик лицей, касб-ҳунар коллежи/мактабни битирганлиги тўғрисидаги диплом/аттестат, 086-формасидаги тиббий маълумотнома, IELTS ёки TOEFL имтиҳонини топширганлиги тўғрисидаги сертификат.

Агарда абитуриент ҳали лицей ёки коллежни битирмаган бўлса – ундай ҳолда ўқув юртининг маълумотномасини, IELTS ёки TOEFL имтиҳонини топширганлиги тўғрисидаги сертификати бўлмаса, у ҳолда IELTS ёки TOEFL имтиҳонларига рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт.

Таъкидлаш керакки, онлайн рўйхатдан ўтиш 2017 йилнинг 10 июль куни соат 17:00 га қадар давом этади.

Абитуриентлар учун талаблар ўзгаришсиз қолдирилди. Абитуриентлар инглиз тилидан ўз билимларини тасдиқлаш учун IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатини тақдим этиш лозим.

IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификати бўлмаган абитуриентларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Британия Кенгаши билан ҳамкорликда IELTS имтиҳонларига ёпиқ сессияни ташкил этмоқда. Имтиҳон 2017 йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтади. Абитуриентлар 2017 йилнинг 12 майига қадар рўйхатдан ўтишлари лозим.

Альтернатив тарзда абитуриентлар TOEFL iBT имтиҳонларини топширишлари мумкин.  Абитуриентлар 2017 йилнинг 6 май ва 3 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида бўлиб ўтадиган TOEFL iBT имтиҳонларига рўйхатдан ўтишлари мумкин. Имтиҳонлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида ўтказилади.

Қайд этамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топшириш учун албатта IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатларидан бири тақдим этилиши лозим. Бундай сертификати бўлмаган абитуриентлар кириш имтиҳонларига қўйилмайди. Имтиҳонлар қуйидаги фанлардан топширилади:

– Математика ва физика фанларидан – «Компьютер ва Дастурий инжиниринг йўналиши» учун: IELTS 5.0 балл ёки TOEFL iBT 50 баллдан кам бўлмаслиги лозим.

– Математика фанидан «Логистика» йўналиши учун: IELTS 6.0 балл ёки TOEFL iBT 75 баллдан кам бўлмаслиги лозим.

Кириш имтиҳонлари ҳар бир фандан 20 тадан саволларни ўзида мужассам этиб, ёзма тарзда ўтказилади. Жавоблар учун 60 дақиқа вақт берилади. Саволлар ўрта таълим дастурига мўлжалланган ўқув дарсликлари асосида тузилган. «Компьютер ва Дастурий инжиниринг йўналиши» учун кириш имтиҳонларида математиканинг салмоғи 60 фоизни, физиканинг салмоғи эса 40 фоизни ташкил этади.

Қабул шартлари ҳамда имтиҳонлар жараёни билан таништириш учун Ўзбекистон вилоятларидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари билан учрашувлар ўтказилади. Мазкур учрашувлар давомида университет вакиллари абитуриентларни қизиқтирадиган барча саволларга батафсил жавоб беришади.

Шунингдек, май ойида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети видеоконференция ўтказишни режалаштирмоқда. Видеоконференция давомида академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, ҳамда уларнинг ота-оналарига рўйхатдан ўтиш учун зарур ҳужжатлар, қабул шартлари ҳамда имтиҳонлар жараёни тўғрисида бевосита Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг Қабул комиссияси вакилларидан билиб олиш имконияти яратилади.

Таъкидлаб ўтамиз, IUT 2017-2018 ўқув йилида дастлабки маълумотларга кўра, «Компьютер ва Дастурий инжиниринг йўналиши» (SOCIE)га 300 нафар ҳамда  «Логистика» йўналишига 100 нафар талабаларни қабул қилиш режалаштирилган.

«Terabayt.uz» мухлислари учун мазкур олий ўқув юрти, ундаги шароитлар ва ўқув жараёнлари ҳақида университет ректори билан қилган эксклюзив суҳбатимизни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!