Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази иш бошлади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази иш бошлади

18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан иқтисодиёт тармоқлари учун АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжуманида IUT ректори Шерзод Шерматов университет қошидаги Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази тўғрисида маълумот берди.

Университет расмий сайтида келтирилишича, Инновациялар ва саноат кооперациялари маркази университетнинг илмий-тадқиқот ва инновацион салоҳиятини ошириш, илмий ишланмаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан ҳамкорлик қилиш мақсадида ташкил қилинган.

Шу билан бирга, марказ университет талабаларини дастурий маҳсулотлар яратишга жалб қилиш, илғор ғояларни ички ва халқаро бозорга олиб чиқишни рағбатлантириш орқали уларнинг илмий кўникмаларини ривожлантириш, назарий билимларни амалиётга татбиқ этишларига кўмаклашади, деди ректор.

Марказ маҳаллий ва халқаро компания, ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, АКТ соҳасида муҳим лойиҳаларни амалга оширади. Муҳим жиҳати шундаки, бу лойиҳаларни ишлаб чиқишга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари жалб қилинади. Бу эса ҳамкор ташкилотларга ўзлари учун керак бўлган тайёр дастурий маҳсулотларни олиш имконини берса, талабалар учун катта тажриба мактабидир. Натижада лойиҳадан ҳар икки томон манфаатдор бўлади, деди Шерзод Шерматов.

Тадбир давомида IUT ректори Шерзод Шерматов университет талабалари томонидан яратилган бир қатор маҳсулотларни ҳам иштирокчиларга тақдим этди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.