Тошкентда робототехника бўйича мусобақа ўтказилади

Тошкентда робототехника бўйича мусобақа ўтказилади

Жорий йил 20-21 сентябрь кунлари «Ўзэкспомарказ" МКМ павильонларида Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда «Central Asia Robot Challenge» (CARC) робототехника бўйича мусобақа бўлиб ўтади. «ICTWEEK Uzbekistan – 2017» АКТ ҳафталиги доирасида ўтказиладиган мусобақа юртимиз спорт робототехникаси соҳасидаги муҳим ҳодисалардан бири бўлиши шубҳасиз. 

Ушбу мусобақа Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ташкил этилмоқда, деб ёзади Uza.uz

Технологиялар тараққиётининг замонавий даражаси нафақат оддий ва бир хил жараёнлар, балки ижодий фаолиятни ҳам автоматлаштириш ва роботлаштириш имконини беради. Роботлар ва интернет-ботларнинг янги моделлари саволларга жавоб бериш, мазмунли суҳбат қуриш, шеър ва ҳикоялар ёзишга қодир. Буларнинг барчаси бутун дунё бўйлаб минглаб мухлисларига эга спорт робототехникасининг мустақил тури сифатида шаклланишига хизмат қилди. Бугунги кунда унинг ихлосмандлари жаҳон бўйлаб минглаб топилади. Ўзбекистонда йўлга қўйилган кўп босқичли таълим тизими ҳам амалий, ҳам спорт робототехникасини ўрганиш ва унда ўз салоҳиятини синаб кўриш имконини беради. 

Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан ташриф буюрадиган робототехника ихлосмандлари икки ёш тоифаси – 10 ёшдан 14 ёшгача ҳамда 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган гуруҳларда ғолиблик учун куч синашади. Улар "шорт-трек", "чизиқлар бўйлаб пойга" ҳамда "робо-сумо" сингари уч йўналишда баҳслашади. 

Турнир спорт ва таълим робототехникаси, илмий-техник ижоднинг янада оммалашиши ҳамда ёшлар орасида муҳандислик касби нуфузининг ортишига хизмат қилади. 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!