Цукерберг бир иш устида қўлга тушди. Энди ундан шу нарсани бутун Facebook'да жорий қилишни талаб қилмоқдалар

Цукерберг бир иш устида қўлга тушди. Энди ундан шу нарсани бутун Facebook'да жорий қилишни талаб қилмоқдалар

Ўтган бир неча ҳафта Facebook тармоғи асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг учун жуда омадсиз кечди. Cambridge Analytica можароси шов-шув бўлиб кетгандан сўнг Facebook миллионлаб одамларнинг шахсий маълумотини ўрганиб бориши маълум бўлиб қолди. Facebook'нинг бир қисми бўлмиш Messenger хизматидан фойдаланувчи кўплаб одамлар тармоқдаги ёзишмаларини ҳимоя қилиш мақсадида ўз аккаунтларини ўчириб ташлай бошлади.

Куни кеча эса Facebook эгаси айни миллионлаб одамларнинг Messenger'даги ёзишмалари ва тармоқдаги шахсий маълумотлари хавф остида қолаётган бир вақтда бирор бир фойдаланувчида мавжуд бўлмаган имкониятлардан баҳраманд бўлиб келаётгани маълум бўлиб қолди - Марк Цукерберг Messenger орқали ёзган хабарларини ўчириб ташлай олар экан.

Камида олтита манба TechCrunch нашрига бир вақтлар Марк Цукерберг уларга ёзган хабарлари Messenger'дан ғойиб бўлиб қолгани ҳақида маълум қилган. Ушбу хабарлар бу шахсларга 2010 йилда Цукерберг томонидан ёзилган бўлган.

TechCrunch нашри ушбу ҳолат юзасидан Facebook'га изоҳ сўраб мурожаат қилганда қуйидагича жавоб олган:

«2014 йилда Sony Pictures компаниясининг электрон почтаси хакерлар томонидан бузилгандан сўнг биз раҳбарларимиз ёзишмаларини ҳимоя қилиш даражасини оширишга мажбур бўлдик. Шу сабабдан Марк Цукербергнинг Messenger'даги корпорация хавфсизлиги доир айрим ёзишмалари ўчириб юборилди. Бу иш корпорация сирини сақлаш йўлидаги қонуний мажбуриятларимиз доирасида амалга оширилди.»

Facebook берган расмий маълумотдан англанишилича, компаниянинг юқори мартабали раҳбарлари Messenger'да орқали жўнатилган ўз хабарларини ўчириш имконига эга. Айни вақтда ушбу мессенжер хизматининг оддий фойдаланувчилари бундай имкониятдан фойдалана олмайдилар.

TechCrunch томонидан айни хабар тарқатилгандан кейин кўплаб нашрлар ва фойдаланувчилар шахсий маълумотлар хавфсизлигини сақлаш мақсадида Facebook'дан Messenger орқали юборилган хабарларни ўчириб ташлаш функциясини жорий қилиш ҳақида талаб қила бошладилар (Айни имкониятни Телеграм тармоғида кўриш мумкин).

Шундан сўнг Facebook баёнот билан чиқиб, компания ходимлари узоқ вақтдан бери бундай функцияни бутун тармоқ доирасида ишга тушириш устида ишлаётгани ҳақида маълум қилди:

«Биз Messenger орқали юборилган хабарларни ўчириб ташлаш имкониятини жорий қилиш масаласини бир неча муҳокама қилганмиз. Айни вақтда Messenger'нинг шифрланган талқинида махфий мулоқот орқали юборилган хабарни ўчириб юбориш вақтини белгилаш (таймер) имконияти мавжуд. Биз бутун тармоқ бўйлаб юборилган хабарларни ўчириб ташлаш имкониятини тез орада жорий қиламиз.»

Айни вақтда Messenger хизматидан 1,3 миллиард одам фойдаланади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!