Twitter 140 белгили чекловни олиб ташлади

Twitter 140 белгили чекловни олиб ташлади

Шу йилнинг сентябрида Twitter тармоғида 280 белгидан иборат твитларни қолдириш имконияти синовдан ўтказила бошланган эди. Энди мазкур функция расман ишга туширилди ҳамда барча фойдаланувчилар учун очиқ деб эълон қилинди. Бу тўғрида ижтимоий тармоқнинг вакили Ализа Розен маълум қилди.

«Twitter тармоғи фойдаланувчилари матндаги белгилар сонининг чеклангани боис ўз твитларини таҳрир қилиб, қисқартириб, баъзида эса матн ўрнига скриншотлар ташлашга, ҳатто фикрларини тўлиқ ифодалай олмасдан, уларни нашр қилишдан воз кечишга мажбур бўлар эдилар. Биз бу чекловни олиб ташлаб, белгилар сонини кенгайтиришга қарор қилдик. Натижада, энди тармоқ фойдаланувчиларимиз ҳаётини яхши томонга ўзгартиришига, фикрларини эркин ифода этишларига шубҳамиз йўқ», – дейди Розен.

Айтиш жоизки, белгиларнинг кенгайтирилиши ҳозирча сайтда ҳамда хизматнинг расмий иловасида амалга оширилган. Учинчи томон дастурчилар ишлаб чиқарган твиттер-иловалардан фойдаланувчилар эса бу имкониятдан фойдалана олишмайди.

Шунингдек, Розен консерватив фойдаланувчилардан янгиликлар тасмаларининг узундан-узоқ матнларга тўлиб кетишидан қайғурмасликни сўради.

«Биз бу тизимни узоқ муддат синовдан ўтказдик ҳамда бор-йўғи 9% блогерлар 140 белгили чекловдан ошиб кетишларига гувоҳ бўлдик», – қўшимча қилади Ализа.

Бу йил Twitter тармоғида катта ўзгаришлар юз бермоқда, унда янги функциялар юзага келмоқда. Мисол учун, ўтган ойда твитларни сақлаб қўйиш хизмати ишга туширилган эди. Шунингдек, реал вақт режимида сўнгги воқеа ва янгиликлар билан танишиб бориш имконияти ҳам муҳим ўзгариш бўлди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.