Twitter белгилар сонидаги чекловни олиб ташламоқчи

Twitter белгилар сонидаги чекловни олиб ташламоқчи

Микроблоглар хизмати Twitterда постдаги белгилар сони 140тадан ошмаслиги чегаралаб қўйилган. Компания бу чекловни 10 мингтага етказиш устида бош қотирмоқда. Март ойида бошлаб узун постлар ёзиш имкони тақдим этилиши мумкин.

Twitter раҳбари Жек Дорси бу хабарни тасдиқлади ва фойдаланувчига кенгроқ имконият тақдим этиш режаси борлигини қўшиб қўйди. Шунингдек, твиттерчилар, аллақачон, бу чекловни айланиб ўтиш йўлларини топганликларини қайд этди. Фойдаланувчилар узун матнларни экрандан кўчирма олиб расм сифатида твиттерга жойлашни ўрганиб олишган.

9 йил муқаддам Twitter ишга тушганда 140 белги чеклови киритилган. Аъзоларнинг бир қисми бу чекловни маъқуллайди, чунки бу фикрни қисқа ва лўнда ифодалашга ундайди. Иккинчи тараф эса фикрни ифодалаш учун 140 белги жуда камлигига эътироз билдириб келади.

Twitter “чуғурлаш” маъносини англатади. Ҳозирда 500 млн фойдаланувчи қайддан ўтган. 140 млн фаол аъзоси бор.