Twitter мобил иловасининг енгил версиясини чиқарди

Twitter мобил иловасининг енгил версиясини чиқарди

Twitter ижтимоий тармоғининг мобил клиенти – анчадан бери маълум ва кўп қўлланувчи иловалардан биридир. Яқинда унинг енгиллаштирилган версияси – Twitter Lite ҳам тақдим этилди, деб ёзади Hi-Tech Mail.Ru.

Бу дастурни ўрнатиш учун смартфон доимий хотирасидан атиги 3 МБ бўш жой талаб этилади. Иловада трафикни тежаш режими мавжуд; унда барча фотосуратлар ва видеолавҳалар автоматик тарзда юкланмайди, балки кераклиларини фойдаланувчининг ўзи очиб кўради. Бошқа функциялари эса тўлақонли Twitter-клиентникидан фарқ қилмайди.

Хабарга кўра, ушбу илова асосан интернет тезлиги паст бўлган мамлакатлар ва кучсизроқ смартфонлар учун чиқарилган.

Ҳозирча Twitter Lite фақатгина Филиппиндаги Android-қурилмалар учун, бета-тест форматида тақдим этилган. Компания раҳбарияти енгиллаштирилган клиентни бошқа мамлакатлар бозорларида тарқатиш имкониятларини ҳам кўриб чиқаётир.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Twitter Lite дастурини Google Play’дан бемалол юклаб олиш имконияти ҳозирча фақат Филиппиндаги фойдаланувчилар учун тақдим этилган. Бироқ бошқа ҳудудлардаги Android-қурилмалар эгалари уни мазкур дўконга бирор VPN-сервис орқали кириб ўрнатиб олишлари мумкин. Шунингдек, илованинг apk-файлини мана бу ҳавола орқали кўчириб олиб, ўзингиз ўрнатсангиз ҳам бўлади.

Дарвоқе, Трампнинг мазкур тармоқдаги биргина твити боис Amazon 6 миллиард доллар маблағидан маҳрум бўлгани, шунингдек, Обаманинг Twitter’даги янги фикри рекорд ўрнатгани ҳақидаги хабарларимизга ҳам қараб қўйишингизни тавсия этамиз.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.