"Уч кўзли" P20 Pro кутилганидан анча арзон сотилади

Шу йилнинг 27 мартида Huawei Парижда 3 та флагманини тақдим қилган эди. Huawei P20, P20 Pro ҳамда қимматбаҳо Mate RS саноқли кунлар ўтиб турли рейтингларда энг яхши смартфонлар дея эълон қилинди.

Huawei P20 Pro – 3 та бош камера сенсори (40/20/8 мегапикселли) билан кўпчиликнинг диққатини тортди. Тезда маълум бўлдики, бу -- шунчаки реклама ёки маркетинг учун қилинган янгилик эмас. Янги смартфонни ишлатиб кўрган экспертлар бу гаджет бозордаги энг яхши камера модулига эга бўлганини айтишди.

Ўқинг: Huawei P20 Pro: Энг яхши камерафонда сурат олиб кўришди

Huawei P20 Pro бош камерасидаги асосий сенсор 40 мегапикселли ва бу рангли сенсор f/1.8 ҳажмли апертурага эга бўлган ҳамда манзарани 5 карра яқинлаштириб суратга олади. Бош камерадаги иккинчи датчик 20 мегапикселли ва манзарани оқ-қора суратга олади. Унинг ёруғлик тақсимловчи линзаси f/1.6 ҳажмли.

Учинчи сенсор 8 мегапикселли ва у телефото вазифасини бажаради, яъни кенг бурчакда суратга олади.

Унинг қуйи талқини -- бош камераси 2 сенсорли бўлган Huawei P20 моделининг ҳам камерафон сифатидаги имкониятлари юқори баҳоланмоқда.

Шу кунга қадар унинг баҳоси ҳам расман ошкор қилинмай келинаётган эди.

Huawei P20 Pro нархининг юқорилиги ҳам кўпчиликни ҳайратга солган эди — 900 евро, яъни 1106 АҚШ доллари! Бироқ куни кеча европалик етказиб берувчилар смартфонларнинг баҳосини маълум қилдилар. Юқори флагман анча арзонлашгани диққатга сазовор. Агар нисбатан арзонроғи керак бўлса, икки камерали Huawei P20 флагмани ҳам бор.

Кеча эса ҳаммаси маълум бўлди. Мисол учун, 5,8 дюймли IPS-экранга ҳамда Kirin 970 "ақлли" процессорга эга Huawei P20 Европа ҳудудида 780 АҚШ долларидан, 6,1-дюймли, OLED матрицали, FullHD+ сиғимли (2240x1080 пикселли) ва томонлар нисбати -- 18,5:9 стандартли Huawei P20 Pro модели эса 950 АҚШ долларидан бошлаб сотилади.

Ўқинг: Расмий: Huawei P20 Pro — ҳайратомуз смартфон тақдим қилинди!

Huawei P20 Pro айни пайтда техник жиҳатдан энг яхши жиҳатларга эга бўлганини ҳисобга олсак, бу нарх ёмон эмас. Жумладан, бу флагман iPhone X, Galaxy S9, Xperia XZ2 ва бошқа энг илғор девайслар билан рақобат қила олади.

Европа ҳудудида смартфонларни энг паст нархда Россиядан харид қилиш мумкин.

Huawei P20 ҳамда P20 Pro моделларининг қачондан савдога чиқарилиши маълум қилинмаган. Ишлаб чиқарувчи ҳозирча буни расман маълум қилмаган. Маркетологларнинг фикрича, Huawei уларни жорий ойда, яъни апрелда сотувга чиқаради.