Уч модулли камерага эга Huawei P11 X видеоси чиқди

  •   DiMaX
  •  1699
  •  25.12.2017 13:59

Уч модулли камерага эга Huawei P11 X видеоси чиқди

2017 йилда смартфонсозликда авж олган трендлардан бири асосий камеранинг иккита сенсорли бўлишидир. Ҳатто айрим компаниялар селфи-камераси иккита датчикка эга қурилмалар ҳам тақдим этишди. Huawei эса бу борада янада илгарилаб кетиб, навбатдаги флагманига учта объективга эга асосий камера ўрнатишга қарор қилди.

ЎҚИНГ: Қўшалоқ камера нимаси!? Учта модулга эга 40 МП камерали смартфонни қарши оламиз!

Хитойлик техногигантнинг мазкур смартфони ҳақидаги турли хабарлар, «сизиб чиққан» маълумотлар асосида унинг рендер суратлари ҳам яратилган. Энди эса, YouTube’даги Сoncept Сreators канали муаллифлари бу компаниянинг бўлажак флагмани – Huawei P11 X моделининг уч ўлчамли моделини ҳам яратиб, видеосини каналга жойлашди.

Қуйида мазкур видеолавҳани бирга томоша қиламиз:

Хабарларга кўра, Huawei P11 X корпуси шиша ва металлдан ишланади. Камерофон сифатида тақдим этилаётгани учун, унда камера учун алоҳида тугмача ҳам бор. Смартфоннинг асосий камераси янада кўпроқ ёруғликни қамраб олиши учун бутун бошли учта модул билан таъминланган. Натижада, у ҳатто ёруғлик етарли бўлмаган шароитларда ҳам фотосуратларнинг сифатли чиқишига, шунингдек, янада кенгроқ диапазонда оптик зумни амалга оширишга имкон беради. Тахминларга кўра, камера модуллари умумий 40 мегапикселга эга, зум эса беш каррали бўлади.

Huawei P11 X камерофонининг олд камераси ҳам зўр – иккита ёруғлик сенсорига эга бўлиб, у ва бошқа датчиклар учун экранда «ўйиқ» очилган. Бу дизайни билан у iPhone X суперфлагманини эслатади; шу боис ҳам концепт-видео муаллифлари модел номига Х ҳарфини қўшишган.

ЎҚИНГ: Huawei P11 нафақат уч модулли камерага, балки iPhone X’даги яна бир «фишка»га ҳам эга бўлади

Айтиш керакки, Huawei’нинг мазкур смартфони ҳали расман тақдим этилгани йўқ. Шундай экан, унинг нархи ҳам маълум эмас.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.