UMS: Мижозлар ҳисобидаги маблағлар ноўрин сарфланиши уларнинг эътиборсизлиги туфайли юзага келади

UMS: Мижозлар ҳисобидаги маблағлар ноўрин сарфланиши уларнинг эътиборсизлиги туфайли юзага келади

Халқаро пресс клубда информацион технологиялар ва коммуникациялар вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда мобил алоқа: муаммолар ва ечимлар» мавзусида ўтган анжуманда UMS компанияси бош директори Сирожиддин Фахруддинов компания борасидаги айрим саволларга жавоб бериб ўтди, дея хабар қилмоқда Kun.uz.

МТС компанияси ёпилиб, ўрнида UMS оператори пайдо бўлгани, мижозлар сони ҳақидаги саволга тўхталар экан, С.Фахруддинов шундай деди:

— Биз 2014 йили мутлақо янгидан иш бошладик. Айни пайтда 2,5 миллион абонентимиз бор. Тўғриси, шунча мижозни йиғишнинг ўзи ҳам осон бўлгани йўқ. Uzdunrobita вақтида компанияга уланган 10 миллион атрофидаги абонентлар бошқа компанияларга ўтиб кетган.

Ҳозир турли бонуслар, янги тарифлар, ҳудудларга қараб имтиёзли тарифлар жорий этиш йўли билан мижозларни компанияга қайтариш учун курашмоқдамиз.

База станцияларининг ўрнатилиши ва улар юзасидан тушаётган шикоятлар бўйича С.Фахруддинов шундай тушунтириш берди: 

— Шаҳарларнинг бош режалари ўзгармоқда. Бундай вақтларда ўз-ўзидан биноларга ўрнатилган станцияларни олишга мажбурмиз. Лекин маҳаллий ҳокимият органлари томонидан турли субъектив важ-корсонлар билан ҳам шикоятлар билан олдириб ташлашга уриниш бўлаётгани ҳам жуда ташвишланарлидир.

Битта база станциясини ўрнатиш компанияга 120–180 миллион сўмга тушади. Буни ўрнатиш учун 9–12 ой чопиб, югуриб, рухсат олиш керак. Ўрнатиш ишлари ҳам вақтни олади. Энди ўшани бузишга 15–20 миллион сўм маблағ сарфланибгина қолмасдан, бошқа жойга кўчиришга яна ўша юқорида айтиб ўтилган сумма сарфланади — бошқатдан харажат қилинади. Ахир барча санитария нормаларига риоя қилиниб, текширилиб ўрнатилади барчаси.

Базавий станциянинг кўчирилиши аввало ўша ҳудудда алоқа сифатига салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Биз боғча, мактаб, касалхоналарга уч томонлама шартнома имзолаб, ижара асосида антенналар ўрнатганмиз. 1 кв.м учун ойига 32-36 минг сўм ижара ҳақи тўлаймиз, бошқа коэффициентлар билан йилига 15 миллионгача боради. Ўша бинони таъмирлашда ёрдам кўрсатамиз.

Биз база станцияларининг мақомини юридик жиҳатдан келишиб олишимиз лозим бўлмоқда. Субъектив сабаблар билан база станцияларининг олиб ташланишига чек қўйиш керак.

Телефон ҳисоб рақамларидан абонент тўловларининг асоссиз ечиб олиниши ҳақидаги саволларга тўхталар экан, UMS раҳбари шундай деди:

— Кўпинча ойдан ойга ўтиш жараёнида шундай ҳолатлар кузатилади. Маълум бир хизматлар учун ҳам у ойга, ҳам бу ойга тўлов ечилиб олиши борасида хатолик юз беради — русчасига айтганда «двойное списание» рўй беради. Биз мурожаатлар асосида буни қайта кўриб чиқиб, пулни эгасига қайтарамиз.

Лекин дебиторлик қарзларимиз ҳам кўплигини айтиб ўтиб кетишим керак. Кредит линиямиз бор, одамларга алоқадан узилиб қолмаслиги учун вақтинчалик қарз бериб турамиз. Одамлар сим картани олади, компаниядан маблағ қарз олиб гаплашади, сўнгра сим картани отиб юборади. Айни пайтда дебитор қарзларимиз 6–7 миллиард сўмнинг орасида.

Сўнгра абонентларнинг хизматлардан нотўғри фойдаланиши оқибатида тушунмовчилик вазиятлари юзага келади. Мен компанияга раҳбар бўлганимга 6 ой бўлди. Шундай вазиятларни ўрганиб чиққанман. Кўп узоққа бормай, ўзимнинг ўртоғим «50 минг сўм ташлагандим, телефонда мутлақо кам гаплашаман, пулим тўсатдан тугаб қолди», деди. Мен атайлаб ўрганиб чиқдим. Маълумотларни кўтартирдим. Пулнинг катта қисми интернетга, мобил иловаларни ишлатишга, аппарат дастурий таъминоти янгиланишига кетган. Неваралари унинг телефонидан кириб, интернетга уланган ўйинларни ўйнашган.

Бизда биллинг тизимда бу нарсаларнинг ҳаммаси тўлиқ автоматлаштирилган, компьютерлаштирилган. Инсон омили йўқ. Биллинг тизимимиз кичкина бир компьютер эмас, бутун бир мажмуа ҳисобланади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!