UMS таъсисчилари таркибидаги ўзгариш оператор фаолиятига таъсир кўрсатмайди

UMS таъсисчилари таркибидаги ўзгариш оператор фаолиятига таъсир кўрсатмайди

Kun.Uz‘нинг ёзишича, Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхонаси таъсисчилари қарори мобил оператор фаолиятига таъсир кўрсатмайди.

Бироз олдинроқ Ўзбекистон республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК Россиянинг МТС телекоммуникацион операторидан UMS устав капиталидаги 50,01 фоизини реализация қилгани ҳақида маълум бўлди.

“Universal Mobile Systems” Масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини 2029 йил якунигача берилган уяли алоқа хизматларини кўрсатиш лицензияси асосида олиб бормоқда.
Компания мобил операторнинг барча хизмат ва сервисларини кўрсатмоқда, янги абонентларни улаш ва амалдаги мижозларга хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширмоқда.
Салмоқли салоҳиятга эга UMS узоқ муддатли ривожланиш режаларини барча йўналишлар бўйича татбиқ этишни давом эттиради ва ўз мижозларининг эҳтиёжларини қондиришга алоҳида эътибор қаратади”, дейилган компания сайтидаги хабарда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарида ҳам таъсисчилар таркибидаги ўзгаришлар UMS фаолиятига, унинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига ҳамда мижозларига таъсир қилмаслиги тасдиқланган.

«Universal Mobile Systems унга тақдим этилган лицензия асосида мобил алоқа бозорида мустақил оператор сифатида фаолиятини олиб боради ва абонентларга хизмат кўрсатишни давом эттиради», — таъкидланади хабарда.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, «МТС» ўз улушини ихтиёрий равишда сотиш масаласида мурожаат қилган ҳамда Ўзбекистон томонига нисбатан бирор эътирози мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Музокаралар натижаси ва имзоланган икки томонлама шартномадан сўнг «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» UMS мобил алоқа операторининг ягона таъсисчисига айланди.

UMS 2014 йилнинг 1 декабрида Ўзбекистон ҳудудида мобил алоқа тармоғи тижорий эксплуатациясини йўлга қўйган эди. 2016 йил бошидаги ҳолатга кўра компания абонентлари сони 1,095 миллион фойдаланувчини ташкил этди.